«Манчестер Юнайтед» афсонаси Пол Скоулз «қизил иблислар» агар Чемпионлар Лигаси плей-оффларида Испания грандлари — «Барселона» ва «Реал» билан тўқнашмаганида, яна бир нечта совринларни қўлга киритиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Фото: Getty Images

«Чиндан ҳам бизнинг омадимиз келмаган. Бошқа ҳар қандай даврда биз тўрт, беш ёки олти маротаба Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Аммо биз дуч келган жамоалар ҳаддан ташқари кучли эди. Мисол учун, Гвардиола «Барселона»си.

Уларнинг ярим ҳимоясида Андрес Иньеста, Хави, Серхио Бускетс ва Лионель Месси бор эди. Чап қанотда Анри, ҳимоя марказида эса Пике ва Пуйоль. Шунчаки, даҳшат! Шубҳасиз, улар мен қарши ўйнаган энг яхши жамоа.

Агар бундан олдинги давр ҳақида гапирадиган бўлсам, хаёлимга фақат «Реал» келади. «Бернабеу»да биз бутунлай топталгандик. Биринчи учрашувда 3:1. Улар ҳам «Барселона»дан асло қолишмасди.

Жамоада Роналдо, Зинедин Зидан, Луиш Фиго, Редондо, Рауль, Роберто Карлос, Ерро ва ажойиб дарвозабон Икер Касильяс бор эди. Бу шунчаки, ақл бовар қилмас таркиб эди», — дейди Скоулз.

Маълумот учун, «Манчестер Юнайтед» ЕЧЛнинг 2008/2009 ва 2010/11 йилги мавсум финалларида «Барселона»га тўқнаш келади. Ҳар иккала баҳсда ҳам каталон клуби (2:0, 3:1) устун келади.

2002/2003 йилги мавсумда 1/4 финал босқичида, 2013 йилда эса 1/8 финал босқичида Мадриднинг «Реал» клуби «Манчестер Юнайтед«ни мусобақадан чиқариб юборади.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!