Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вояга етмаган бола вафот этди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар бермоқда.

Фото: ЙҲХББ

Ҳодиса 30 май куни соат 19:50 ларда «Нурафшон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4К-319 Танхоз—Яккабоғ—Эсат—Қозоқ автомобиль йўлининг 6-километрида юз берган. 2001 йилда туғилган Б.Р. исмли йигит «Комби-Москвич-Иж» русумли транспорт воситасини Яккабоғ шаҳри йўналиши томон бошқариб бораётиб, йўлнинг чап томонидан ўнг томонига югуриб ўтаётган пиёда, 2007 йилда туғилган Ғ.Т.ни уриб юборган. Сўнг машина йўлнинг чап томонидаги каналга ағдарилган.

Фото: ЙҲХББ

ЙТҲда оғир тан жароҳатлари олган 13 ёшли ўғил бола шифохонада вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Яккабоғ туман ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 30 май куни Жиззахда 15 ёшли бола қаровсиз қолдирилган машинани юргизиб юбориши оқибатида 6 ёшли бола вафот этганди.

ЙҲХББ барча ҳайдовчилардан пиёдаларга эътиборли бўлишни, пиёдалардан белгиланмаган жойлардан йўлни кесиб ўтмасликни, барча йўл ҳаракати қатнашчилари йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишини сўраб қолди.