Тайванлик олимлар томонидан яратилган COVID-19’га қарши вакциналар кузда одамларда синовдан ўтказилади. Бу ҳақда Тайвань администрацияси раҳбари ўринбосари Уильям Лайга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: AP Photo

Уильям Лай 22 май куни Чжунань шаҳридаги Соғлиқни сақлаш илмий-тадқиқот давлат институтидаги (NHRI) лабораторияга ташриф буюриб, бевосита вирусни тадқиқ қилиш ва вакцина яратиш устида иш олиб бораётган мутахассислар билан суҳбатлашган.

«Вакцина яратиш борасидаги тадқиқотлар йўлида амалга оширилган ишларни тушуниш учун Соғлиқни сақлаш илмий-тадқиқот давлат институти ва вакцина ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрдим, одамларда синовлар жорий йилнинг кузида бошланади», — деб ёзади Лай ўзининг Facebook’даги саҳифасида.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, NHRI мутахассислари орол ҳукуматига 2003 йилги атипик пневмония (SARS) ва 2005 йилги парранда гриппи эпидемияси вақтида сезиларли даражада ёрдам кўрсатган.

Аввалроқ АҚШнинг Moderna компанияси коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари биринчи фазаси ижобий натижалар билан тугаётганини маълум қилган. Шунингдек, АҚШда коронавирусга қарши ДНК-вакцина синовдан ўтказилди. Буюк Британияда ҳам коронавирусга қарши вакцина қачон ишлаб чиқарилиши эълон қилинган.