Буюк Британияда бир неча ҳафта давомида сунъий комада бўлган беморни мамлакатда авж олган пандемия ҳақидаги гаплар ҳайратлантирди, деб ёзади Метро.

Фото: Метро

21 март куни пневмониядан азият чекаётган 69 ёшли Брайан Харви касалхонага тушиб қолган, уни сунъий нафас олдириш аппаратига улаб қўйишган эди. Касаллик асоратлари туфайли уни сунъий равишда комага туширишган ҳамда COVID-19’га тест олишган эди. Натижа ижобий чиққан.

Харви касалхонага тушган пайтда Буюк Британияда беш минг кишида коронавирус аниқланган, 230 киши инфекциядан вафот этган эди. У комада бўлган тўрт ҳафта ичида эса кўрсаткичлар жуда тез ўсди. Ҳозирда мамлакатда 247 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланган, улардан 34 мингдан кўпроқ одам вафот этган.

«У ўзига келиб, коронавирус ҳақида биринчи марта эшитаётганини айтди. Биз унга дунё бўйлаб хавфли вирус тарқалгани, шу сабаб ҳамма ташкилотлар ёпиқлигини тушунтирдик», — дейди эркакнинг 32 ёшли қизи Фэй Стэплтон.

Харви оиласи билан FaceTime орқали алоқага чиққанида унинг яқинлари йиғлаб юборди.

«У биздан нимага йиғлаётганимизни сўради. Биз у энди ҳеч қачон ҳеч қайсимизга қўнғироқ қила олмаслигидан қўрққанимизни айтдик», — дейди Стэплтон.

Ҳозирда Харви ҳаракатсизликдан қотиб қолган мушакларни ўз ҳолига келтириш учун физиотерапия муолажаларини олмоқда.