ИИВ нашрлари бўлган «Postda» ва «На посту» газеталари 12 май куни ўзининг 90 йиллигини нишонлади.
Ушбу газеталар 1930 йил 12 майдан чиқа бошлаган. Газеталар дастлаб фақат ички ишлар органлари ходимларига мўлжалланган бўлиб, унда республика ички ишлар органлари фаолиятига оид материаллар бериб борилган. Ўша даврда бир ойда уч марта, 150 нусхада чоп этилган бўлса, 50 йилларга келиб, газеталар тиражи 6 мингга етди. Таҳририят ходимларининг саъй-ҳаракати билан 1960 йилдан эътиборан ҳафтасига икки марта 10 минг нусхада чиқа бошлаган.
1965 йил 1 августдан бошлаб нашрларнинг кенг жамоатчиликка мўлжалланган якшанба сонларини чоп этиш йўлга қўйилган. Муштарийларнинг талаб-эҳтиёжларидан келиб чиқиб эса 1970 йилдан газеталар ҳафтада уч марта босила бошланган.
ХХ асрнинг 90 йиллари бошида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан 1990 йилда «Postda» ва «На посту» газеталарини қайта тиклашга қарор қилинди. 1991 йил 1 январда икки тилда алоҳида чоп этилган нашрларнинг илк сони ички ишлар органлари ходимлари ва кенг жамоатчиликка етиб борган.
Дастлаб тўрт саҳифадан иборат бўлган газеталар ҳафтада уч марта чиқарилган. Таҳририят моддий базаси мустаҳкамлангач, саҳифалар сони саккизтага, кейинчалик эса 16 тага етказилган.
1998 йилнинг март ойига келиб эса Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан «Postda» ва «На посту» газеталари таҳририяти базасида ИИВ бирлашган таҳририяти ташкил этилди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов республика матбуотининг отахон нашрларидан бири бўлган ушбу нашрларнинг тўқсон йиллиги билан таҳририят жамоасини табриклаб, «Бирлашган таҳририят жамоаси бир қадам олдинда юриши, мамлакатимизда ва жаҳонда рўй бераётган энг долзарб воқеаларни замонавий ижодий услуб ва илғор ёндашувлар орқали ўз муштарийларига тезкор ва холис тарзда етказа олиши, ходимларимизнинг чинакам маънавий-маърифий ҳамроҳига айланиши зарур», — деб таъкидлади.
Изоҳ (0)