Австралиялик промоутер Брайан Аматруда Майк Тайсон иштирокида кўргазмали жанг ташкил қилмоқчи.

Фото: Getty Images

У рақиб сифатида Янги зеландиялик регбичи Сонни Билл Уильямс, австралиялик Пол Галлен ёки австралияча футбол собиқ вакили Берри Ҳолл каби спортчиларни таклиф қилди.

«Ҳа, у 53 ёшда, бироқ Тайсон йирик фигура. Берри Ҳолл, Пол Галлен ва Сонни Билл Уильямс — бу йигитларнинг исталган бири у билан жанг қилишга тайёр.

Мен 10 минг томошабинга мўлжалланган «Мельбурн Арена»да жанг ташкил қилишга тайёрман. Ёки «Принс Парк»да, Жефф Фенек ва Азума Нелсон ўртасидаги жангда у ерда 30 минг томошабин йиғилганди. Биринчи навбатда Тайсоннинг агентига қўнғироқ қилдим ва ундан Майкка 1 миллион доллар таклиф қилишни сўрадим», — дейди Аматруда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 53 ёшли Тайсон рингга қайтгани ва бир нечта кўргазмали жангда иштирок этиши ҳақидаги маълум қилганди.