Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида ниқобсиз юрган қиз ва икки йигит акс этган видео тарқалди. Видеони олган қиз Амир Темур ҳайкалидан коронавирус Ўзбекистондан қачон кетишини сўраган. Йигитлардан бири эса карантин вақтида эплаб кўчада юрганини айтган.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг «Дарё»га маълум қилишича, 7 апрель, сешанба куни, Юнусобод туман маъмурий судида мазкур фуқаролар устидан суд мажлиси бўлиб ўтган.

Аниқланишича, мазкур фуқаролар 2020 йил 1 апрель куни тахминан соат 18:00 да Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида, мамлакатда ўрнатилган карантин талабларига зид равишда жамоат жойида ниқобсиз юрган. Шунингдек, улар Амир Темур ҳайкалидан коронавирус эпидемияси Ўзбекистондан қачон кетиши ҳақида сўраб, Амир Темур шахсига ҳурматсизлик қилган.

Бундан ташқари, улар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, ўз ҳаракатларини видеотасвирга туширган ҳамда олинган видеолавҳани 2020 йил 6 апрель куни ижтимоий тармоққа жойлаган.

Юнусобод туман маъмурий судида 7 апрель куни мазкур фуқаролар — 1998 йил Тошкент шаҳрида туғилган К.М., 1993 йил Тошкент шаҳрида туғилган У.Ҳ. ва 1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) асосида маъмурий иш кўриб чиқилган.

Юнусобод туман маъмурий судининг 2020 йил 7 апрелдаги қарорига кўра, К.М., У.Ҳ. ва О.Р. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида узил-кесил 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Аввал Фарғонада карантин қоидасини бузиб, тунда ниқобсиз, велосипедда юрган маст фуқаро 15 суткага қамалгани, БААдан олиб келинган 7 киши карантин қоидаларини бузгани учун 15 суткага қамалгани, Фарғонада карантин қоидасини бузиб, ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатган аёл 5 суткага қамоққа олингани ҳақида хабарлар берилган. Сирдарёда карантин қоидаларини бузган фуқаро ҳам 15 суткага қамалган эди.