Қозоғистон ахборотлаштириш ва жамият тараққиёти вазири Даурен Абаев қозоғистонлик аёлнинг коронавирус инфекцияси туфайли вафот этганини маълум қилди, деб ёзмоқда Tengrinews.

Фото: «Informburo.kz»

«Қадрли юртдошлар, бу фавқулодда брифинг. Афсуски, бугун Қозоғистон фуқароси бўлган аёл киши коронавирусдан вафот этди. Аёлнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Бу жуда оғир йўқотиш, ҳаммамиз қайғудамиз. Эртага Нур-Султон соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт хулосалари бўйича батафсил маълумот беради. Ушбу ҳолат коронавируснинг нақадар хавфли инфекция эканидан далолат бермоқда. Ҳозир содир бўлаётган воқеаларнинг ҳаммаси барчамиз учун синов», — дея таъкидлаган Даурен Абаев «Хабар 24» телеканалидаги чиқишида.

Нур-Султон вақти билан соат 16:20 да Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус юқтириб олиш бўйича 12 та янги ҳолат қайд этилгани ҳақида хабар берган ва мамлакатда COVID-19 билан касалланганларнинг умумий сони 109 нафарга етганди.

Коронавирус юқтириб олиш ҳолати Нур-Султон ва Олмаотада кузатилган, мос равишда 61 ҳамда 40 нафар одам. Икки нафардан коронавирус юқтирган бемор Қарағанда ва Чимкентда, Олмаота, Ақтўбе, Жамбил, Шимолий Қозоғистон вилоятларида эса биттадан бемор COVID-19 билан касаллангани маълум қилинган.

Икки нафар бемор расман касалликдан тузалган ва уларнинг Нур-Султон ҳамда Олмаотада истиқомат қиладиган фуқаролар экани айтилганди.

Олмаота, Нур-Султон ва Чимкентда коронавирусга қарши кураш бўйича янги чеклов чоралари амалга оширилмоқда.