Чикагода йўл қоидаларини бузган ҳолда автоуловини тўхтатган ҳайдовчилар учун санкциялар вақтинча бекор қилинди — улар жаримага тортилмайди ва машиналар эвакуация қилинмайди. Бу каби қарор коронавирус пандемияси сабаб шундоқ ҳам қийин молиявий аҳволда қолаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш йўлида қабул қилинди, деб хабар беради Motor.

Фото: Pixabay

Шаҳардаги кўплаб ташкилот ва корхоналар ўз фаолиятини тўхтатиб қўйди, натижада одамлар ишсиз қолган, бу эса, албатта, уларнинг даромадларига таъсир кўрсатмоқда. Чикаго ҳукумати шаҳар аҳолисининг иқтисодий жиҳатдан барқарорлигини таъминлаш учун имтиёзлар беришга қарор қилиб, ҳайдовчиларни нотўғри тўхтаганлик учун жаримага тортишни бекор қилди. Шунга қарамай, ҳукумат ҳайдовчиларни ЙТҲ содир этмасликка чақириб, шубҳали туюлган машиналарни жарима майдончасига олиб бориб қўйиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қолди.

Мазкур қоидалар 1 майга қадар амалда бўлади, аммо коронавирус пандемияси давом этадиган бўлса, муддат узайтирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун 10 триллион сўм ажратиладиган бўлди.