Хитойда коронавирус инфекциясидан вафот этганлар сони бир суткада 150 кишига кўпайди, дея хабар бермоқда Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси. Мамлакатда коронавируснинг умумий қурбонлари сони 2592 кишига етган.

Фото: News.CН

Сўнгги бир суткада Хитойда 406 киши коронавирус юқтириб олган (шундан 348 нафари Уханда), касалланган фуқаролар сони 77 150 кишига етган. Касалликдан даволаниб, шифохонани тарк этганлар сони 24 734 кишига етган — бундайлар сони бир суткада 1846 кишига кўпайган.

Бундан ташқари, Хитойнинг олти провинциясида коронавирус сабаб жорий этилган фавқулодда вазиятга тезкор муносабат билдиришнинг энг юқори даражаси пасайтирилган. Улар орасида катталиги бўйича Хитойда иккинчи ўринда турадиган Гуандун ҳам бор.

Қайд этишларича, Гуандун ва Шанси провинциялари хавф даражасини биринчидан иккинчи поғонага туширган, Ляонин, Гуйчжоу, Юннан ва Гансуда эса хавф даражаси иккинчидан учинчи поғонага туширилган.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитой коронавирусига қарши илк вакцина бир ярим йилдан сўнг пайдо бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди. Февраль ойи ўрталарида эса Хитойда вирусга қарши курашда самарали бўлиши мумкин бўлган дори воситаси ишлаб чиқарила бошлангани айтилган эди.