«Ўзгидромет» 26-27 февраль кунлари А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довонида кучли қор ёғиши, туман тушиб, кўринувчанлик 50 м гача пасайиши, шамол тезлиги секундига 18-22 метргача кучайиши, йўлда қор уюмлари, музламалар ҳосил бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар берди.

Фото: «Халқ сўзи»

Аввалроқ об-ҳавони кузатиш бош бошқармаси 26-27 февраль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудлари (Астрахан) устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши, бунинг оқибатида республика бўйича вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор), айрим жойларда ёғинлар кучли бўлиши ҳақида маълум қилганди.

«Шамолнинг тезлиги кучайиб, сониясига 15-20 метргача, шиддат билан эсганда 23-28 метргача етади. Ҳаво ҳарорати 26 февралда кечаси 7-12 даража илиқ, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади, мамлакат шимолида кечаси ва кундузи 3-8 даражани ташкил қилади. 27 февралда республика бўйича ҳаво ҳароратининг кечаси ва кундузи 3-8 даража илиққача пасайиши кутилмоқда», – дейилган «Ўзгидромет» хабарида.