Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ёпилиши мумкин. Бу ҳақда «Дарё»нинг ҳукуматдаги манбаси маълум қилди.

Ҳукуматдаги манбанинг қайд этишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штабининг 24 февралдаги йиғилишида айнан Афғонистондаги вазият муҳокама қилинган.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон—Афғонистон чегарасини вақтинча ёпиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги бошқа муносабатларга доир бошқа масалалар, кўриладиган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинган. Йиғилиш ҳақида расмий ахборот берилиши кутилмоқда.

Харита: Google

Аввалроқ Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида 23 февраль куни янги турдаги COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат рўйхатга олингани маълум бўлди. Бемор бир неча кун аввал Эроннинг Қум шаҳрида бўлиб қайтгани айтилмоқда — бу шаҳар ҳозирги кунда Эрондаги коронавирус ўчоғи бўлиб турибди.

Ўзбекистон расмийлари Эрон билан авиақатновларни вақтинча тўхтатиш масаласини кўриб чиқяптими ёки йўқ — ҳозирча номаълум. Аввалроқ Туркия, Арманистон, Грузия, Покистон Эрон билан чегараларини ёпгани, қатновларни вақтинча тўхтатгани маълум бўлган эди.