Арманистон Эронда коронавирус инфекцияси тарқала бошлагани муносабати билан ислом республикаси билан чегарасини ёпди ва ушбу мамлакат билан авиақатновларни икки ҳафтага тўхтатади. Бу ҳақда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Фото: Al Jazeera

Туркия ҳукумати ҳам худди шундай чоралар кўришини маълум қилган. Афғонистон ва Грузия Эрон билан авиақатновларни тўхтатган, Покистон эса худди Арманистон ва Туркия каби Эрон билан чегарани вақтинча ёпган.

Эронда COVID-19 инфекцияси тарқалиши оқибатида сўнгги маълумотларга кўра, 43 киши касалланган. Яна саккиз киши ушбу касаллик сабаб вафот этган. Шундай қилиб Эрон коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича жаҳонда Хитойдан сўнг иккинчи мамлакатга айланди.