Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)да 29 январь, чоршанба куни администрация раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов раҳбарлигида ўтган йиғилишдан кейин агентлик директори Комил Алламжонов ҳамда директор ўринбосари Саида Мирзиёеванинг ўз лавозимларини тарк этгани маълум бўлган.
Комил Алламжонов Telegram канали орқали АОКАда ишлаган даври ҳақида илиқ таассуротларга эга экани ва танланган янги жамоатчилик йўли бундан-да воқеаларга бой, шу билан бирга, сермазмун бўлишига умид қилаётганини билдирганди. Саида Мирзиёева ҳам ўз Telegram каналида АОКАдаги фаолияти ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида пост қолдирди.
«Агентликдаги фаолиятим менинг ҳаётимдаги энг бахтли даврлардан бири бўлди. Олдимизга қўйилган ҳар бир масала ва вазифага астойдил ҳаракат қилган ҳолда ёндашдик. Келажакда ҳам қайси йўналишда ишлашимдан қатъи назар, фақат давлат ва юрт фаровонлиги йўлида қўлимдан келганича хизмат қилишга тайёрман», — деб ёзган Саида Мирзиёева.
АОКАда ўтган мажлисда агентлик директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева келгуси меҳнат фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш режалари билан боғлиқ мурожаатларини Президент администрациясига киритгани ва администрация томонидан ушбу мурожаатлари кўриб чиқилиб, қондирилгани ҳақида эълон қилинган. АОКА раҳбари биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Дилшод Саиджонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Изоҳ (0)