«Югурганники эмас, буюрганники» деган ибора баъзан илм-фанда ҳам ўзини намоён қилиб туради. Маълумки, сайёраларнинг Қуёшдан узоқлашиш масофаси муайян қонуниятга бўйсунади. Яъни бирор сайёранинг ҳар икки томондаги қўшниси билан оралиқ масофаси тенг эмас, балки муайян сайёранинг ўзидан кейингиси билан оралиқ масофаси ўзидан аввалгиси билан масофадан 1,5–2 карра катта бўлади. Фанда, шунингдек, Тициус-Боде қонунияти деган тушунча мавжуд бўлиб, у сайёраларнинг Қуёшдан олислашиш масофасини эмпирик келтириб чиқарилган формулага асосан аниқлашга ҳаракат қилади. Ушбу формула ва юқоридаги каби оралиқ масофанинг 1,5–2 карра ортиши қонуниятлари Қуёш системасининг деярли барча катта сайёралари учун мос келади (Нептундан ташқари).
Тициус-Боде қонуниятини 1766–1772 йилларда олмон олимлари Иоганн Тициус ва Иоганн Боде томонидан таклиф этилган. У пайт ҳали Уран сайёраси кашф қилинмаган, астрономияда Қуёшдан энг олис сайёра Сатурн ҳисобланар эди. Яъни одамлар фақат олтита сайёрани билган холос (ҳозир сайёралар сони саккизта, яна бешта митти сайёра ва минглаб майда сайёра маълум). Ушбу қонун таклиф этилгач, кўплаб астрономлар Марс ва Юпитер сайёралари оралиқ масофаси унга мос келмаётганини, яъни Марс ва Юпитернинг ораси Ер ва Марс орасидан икки баробар эмас, балки 3,5 баробаргача катта эканига аҳамият берди. Шунда олимлар Марс ва Юпитер оралиғида ҳали бизга номаълум сайёра мавжуд бўлса керак деган тўхтамга келган эди. 1781 йилда Уильям Гершель томонидан Уран сайёраси ҳам кашф этилгач, унинг ҳам жойлашуви Тициус-Боде қонуниятига мос келиши аниқланди ва бу астрономларни янада руҳлантириб юборди. Энди ҳамма Қуёшдан 2,8 астрономик бирлик масофасида яна битта сайёра борлиги аниқ деган фикрга ишониб қолди.
Кўплаб соҳада бўлгани каби, фанда ҳам машҳурлик кетидан қувиш ва номини тарихда қолдиришга уриниш тенденцияси мавжуд. Бояги фикрдан кейин ўша Марс ва Юпитер оралиғидаги номаълум сайёрани топишни ва бу орқали номини тарихда қолдириб, илм-фанда катта обрў қозонишни мақсад қилган бир гала профессионал ва ҳаваскор астрономлар ўша сайёрани қидиришга киришиб кетди. Чунончи, Франс Ксавьер исмли олим бошчилигида 24 профессионал астроном йиғилиб, тинимсиз кузатувлар ташкил қилди. Шунингдек, яна бир астроном олим ва профессионал врач Генрих Ольберс ҳам бу борада катта ташаббус кўрсатган эди. У ҳам Бременда махсус кузатув гуруҳи тузган ва гуруҳдаги одамларга осмонни бўлиб бериб, ўша Марс ва Юпитер орасидаги сайёрани қидириш ишларига бошчилик қилганди. Ольберс номаълум сайёрани топиш шунчаки вақт масаласи деб қарарди. Эртами, кечми, омади келиб, унинг телескопи қидирилаётган сайёра жамолини унга албатта намоён қилади деб ишонарди. Шу тариқа у 1785 йиллардан бошлаб деярли 15 йил сайёрани қидирди.
Бироқ, муқаддимада айтганимиздек, «югурганники эмас, буюрганники» деган ибора бу жойда Ольберсга ҳам, Франс Ксавьерга ҳам қаттиқ тарсаки туширди. Кузатувларни махсус ташкил этиб, вақт ва маблағини аямаган бу одамлар осмондан ҳеч нарса топа олмаётган бир пайтда 1801 йилнинг 1 январь санасида Италиянинг Палермо шаҳрида ўзи қурдирган расадхонада кузатув олиб бораётган руҳоний-астроном Жузеппе Пиаццига омад кулиб боқди.
У аслида ўзи учун юлдузлар каталогини тузиш ишлари билан банд бўлиб, бошқа бир руҳоний-астроном Николя Кайл тузган каталогдаги №87 рақам билан қайд этилган юлдузни қидираётган эди. Кайл каталогидаги №87 рақамли юлдуз жойлашган бўлиши керак бўлган координаталарни кузатаётиб Пиацци тасодифан ёрқин бир нуқтани кўриб қолган. У германиялик астрономлар жон-жаҳди билан қидираётган ўша сайёра эканини Пиацци билмаган ҳам. Аввалига Пиацци уни комета деб ўйлаган. Бироқ кейинги кузатишлардан кейин олим бу ёрқин объект айнан сайёра эканини фаҳмлаб қолди. Ҳисоб-китоблар орқали у Марсдан кейин ва Юпитердан олдин жойлашганлигини аниқлади. Пиацци бу ҳақда тўлароқ маълумот ва ҳисоб-китоб натижаларини батафсил баён қилиб, Берлинга, Иоганн Бодега ва Парижга, Жером Лалландга хат ёзди. Унинг ҳисоб-китобларини математиклар шоҳи деб эътироф этилган олим Карл Фридрих Гаусс текшириб чиқди ва кашф қилинган объектнинг орбитасини ҳисоблаб берди. Шу тариқа, астрономлар бир неча йил қидирган ўша сайёра кашф қилинди.
Янги кашф этилган сайёрага ном бериш ҳуқуқи одатда кашфиётчининг ўзига тақдим этилади. Шунга кўра, Пиацци аввалига Sererea Fendinandea номини берган. Бу икки қисмдан иборат номнинг биринчиси – Sererea Пиацци яшаган ҳудуд – Сицилия қироллиги халқлари мифологиясида ҳосилдорлик маъбудининг номи бўлган; иккинчиси – Fendinandea ўша пайтда Сицилия қироли бўлган Фердинанд III нинг шарафига берилган эди. Кейинчалик сайёра номи шунчаки Церера тарзида қолдирилган.
Албатта, ўша йиллари Цереранинг кашф этилиши илм-фан учун аввалига жуда катта ҳодиса деб қаралган эди. Бироқ шундан кейин бошқа астрономлар ҳам айнан унга яқин жойдан яна бошқа йирик объектларни кашф қила бошлади. Хусусан, 1807 йилгача Церерага ўхшаш ва унга яқин жойда ҳаракатланаётган жисмлар сони тўрттага етди. Булар Паллада, Веста ва Юнона астероидлари эди. 1845 йилдан эътиборан эса ҳар йили энг камида иккита шундай объект кашф қилинмоқда.
Шунга кўра, аввалига бу кашфиёт катта фурор кўтарган бўлса-да, кўп ўтмай астрономларнинг ҳафсаласини пир қилгани ҳам рост. Чунки аслида Марс ва Юпитер оралиғида бу сингари объектлар фавқулодда кўп сонда экани маълум бўлди. Серера шунчаки улар ичида энг каттаси бўлгани учун биринчи бўлиб аниқланган экан. Яъни у минглаб астероидларнинг энг каттаси эди холос.
Церера 2005 йилгача энг катта астероид мақомида бўлиб келди. Бироқ унинг бошқа астероидлардан фарқ қиладиган муҳим жиҳати бор эди. Церера шаклан сфера кўринишида бўлиб, массасига кўра астероидлар ҳалқасидаги барча объектлар массасининг 32 фоизини ташкил этади. Қолаверса, унинг орбитаси йирик сайёра бўлмиш Меркурий орбитасидан ва олис митти сайёра – Плутон орбитасидан барқарорроқ.
2005 йилдан бошлаб астрономлар Нептун орбитасидан нарида, Койпер белбоғи соҳасида яна бир неча шу сингари йирик осмон жисмларини кашф қилди. Маълумки, Плутон ҳам шу ҳудудда жойлашган. Катталиги ва массаси астероидлардан йирикроқ, лекин катта сайёралардан майдароқ бўлган бу сингари объектлар сони 2005 йилнинг ўзида бештага етиб қолди. Булар Церера ва Плутондан ташқари Makemake, Erida ва Haumea номли объектлар эди. 2006 йилда Халқаро астрономия иттифоқи махсус йиғилиш ўтказиб, бу каби на сайёра ва на астероид бўлмаган «аросат» объектлар учун янги тасниф – «митти сайёра» тушунчасини киритди. Унга кўра, шаклан сфера шаклига эга, массасига кўра йирик ва орбитасини «тозалаш»га етарли гравитация кучига эга объектлар «митти сайёралар» деб эътироф этилди. Шундан буён Церера ўша митти сайёраларнинг дастлабкиси ва Қуёшга энг яқини ўлароқ қайд этилмоқда.
P.S.: Церера кашф этилган замонларда кимё фанида ҳам бир қизиқ тенденция мавжуд эди. Бирор янги кимёвий элемент кашф этилган вақтда ундан сал аввалроқ бирор осмон жисми ҳам кашф этилган бўлса, буни шарафлаш учун бояги янги кашф қилинган кимёвий элементга ҳам ўша осмон жисмининг номи берилиши урф бўлган. Уран, плутоний, нептуний, палладий сингари элемент номлари худди шу тенденция маҳсулидир. Мақоламиз қаҳрамони Церера митти сайёраси кашф этилишидан бироз ўтиб, 1803 йилда Швецияда кимёгар Йенс Якоб Берцелиус шериги Вилгельм Хейзингер билан биргаликда сийрак ер элементлари туркумига мансуб янги кимёвий элемент кашф этган эди. Унга Церера сайёраси шарафига церий деб ном берилди.
Музаффар Қосимов