XIX аср охирида Францияда жосуслик иши бўйича бир жиноий иш қўзғатилди. Капитан Альфред Дрейфус Германия империясига муҳим давлат сирларини сотганликда айбланиб қамоққа олинди. Тарихда «Дрейфус иши» деб ном олган бу сирли жиноят иши Францияда 11 йил – 1894 йилдан 1906 йилгача давом этди. Бу жиноят иши нега тарихда қолди? Унинг аҳамияти нимада? Бу ҳақда «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов ҳикоя қилади.
1894 йил охирида Франция армияси капитани, политехник, артиллериячи, келиб чиқиши эльзаслик яҳудийлардан бўлган Альфред Дрейфус давлат сирларини Германияга етказганликда айбланиб қамоққа олинди. Терговдан сўнг у Шайтон оролига сургун қилинди. Оиласи, жумладан, аёли ўша куннинг ўзида бу ҳақда хабардор қилинди; аёл бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаслик билан қўрқитилди. Бир оғиз гап чиқадиган бўлса, Европада уруш чиқишидан огоҳлантирилди. Бутун Франция сиёсат оламида Дрейфусга ёмон кўз билан қараш бошланди.
Унинг акаси Матье Дрейфус укасининг айбсизлигини исботлаш учун ҳаракатларини бошлади. Бу ишда яҳудий журналист Бернар Лазардан ёрдам сўради. Шу билан бирга, жосусликка қарши бўлинма бошлиғи, полковник Жорж Пикар 1896 йилда Дрейфус айбсиз эканини, ҳақиқий айбдор қўмондон граф Фердинанд Вельсин Эстерҳази эканини маълум қилди. Лекин армия бош штаби бу айбловни тан олмади ва Пикарни Шимолий Африкага жўнатиб юбориш билан ишни ёпмоқчи бўлди.
Дрейфуснинг айбини исботлайдиган далиллар ўта заифлигига эътиборни тортиш мақсадида унинг оиласи масалага 1897 йилда Сенат вице-президенти Август Шьерер Кестнерни жалб қилди. Собиқ депутат ва журналист Жорж Клемансо ҳам Дрейфус тарафдорлари сафига қўшилди. Шу ойнинг ўзида Матье Дрейфус граф Эстерҳазига қарши уруш вазирлигига шикоят аризасини ёзди. Шундай қилиб, Дрейфус тарафдорлари сафи кенгая борди.
1898 йилнинг январь ойида Дрейфус ишига миллий тус берган икки муҳим воқеа содир бўлди: Эстерҳази консерваторлар ва миллатчилар олқишлари остида оқланди; адиб Эмиль Золя президент Феликс Фор номига «Аврора» газетасида очиқ хат эълон қилди ва бунинг натижасида кўплаб зиёлилар Дрейфус тарафига ўтди. Оддий зобит атрофидаги туҳмат яҳудийларга қарши кайфият, ватанпарварлик, миллатчилик ва бағрикенглик идеологиялари тўқнашувига олиб келди.
Мамлакатнинг йигирмадан ортиқ шаҳрида аксилсемит намойишлар авж олди. Алжер шаҳрида кўплаб инсонлар ҳалок бўлди. Ҳатто мамлакатга тинчликни қайтариш мақсадида Дрейфус ишига нуқта қўймоқчи ҳам бўлишди.
Армия ишни ёпишга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, чуқур суриштирувлардан сўнг Дрейфусни қоралаб чиқарилган биринчи ҳукм кассация суди томонидан бекор қилинди.
1899 йили Рен шаҳрида навбатдаги трибунал бўлиб ўтди. Бироқ Дрейфус иккинчи бора ҳам айбдор деб топилди ва ўн йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилди. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Бир неча йилдан сўнг Дрейфус президент Эмиль Лубе томонидан авф эълон қилиниши натижасида озодликка эришди. 1906 йилга келибгина у айбсиз экани тўлиқ исботланди. Шундан сўнг у реабилитация қилинди ҳамда Франция армиясига қўмондон сифатида қайта кириб, Биринчи жаҳон урушида қатнашди.
Капитан Альфред Дрейфус 1935 йилда оламдан ўтди.
Дрейфус ишининг келиб чиқиш сабаблари 1960 йиллардан бошлаб очиқлана бошланган бўлса-да, бир аср давомида кўплаб баҳсларга сабаб бўлиб келди. Жосуслик ҳақидаги бу ишнинг мақсади номаълумлигича қолмоқда. Тарихчилар бир нечта тахминларни илгари сурса ҳам, барчасининг хулосаси Дрейфуснинг айбсиз эканини кўрсатади.
Дрейфус ишининг натижалари саноқсиз. У француз жамияти ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир қилди. Сиёсий жиҳатдан бу иш Франция III республика ғалабасини мустаҳкамлаб, унинг мифологик асосчисига айланди ҳамда миллатчиликни кучайтириб юборди. Ҳарбийлар орасида юз бергани учун ҳам мамлакат ҳарбий соҳасига таъсири катта бўлди. Диний тарафлама эса Франциядаги католицизм ислоҳоти ҳамда католикларнинг республикага интеграцияси секинлашишига сабаб бўлди.
Ижтимоий, юридик, дипломатик, публицистик ва маданий соҳаларга ҳам таъсир ўтказган бу иш халқаро миқёсда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса аксилсемит намойишлари дунё сионистлари отаси Теодор Ҳерсл ва Европанинг бир қатор яҳудий жамоалари воқеага ғазаб билан қарашига сабаб бўлди. Чунки юқорида таъкидланганидек, Альфред Дрейфус келиб чиқишига кўра яҳудий эди.
XIX аср охири ва ХХ аср бошида Францияни икки қутбга бўлиб юборган бу воқеалар ҳақида ўтган асрда кўплаб китоблар, илмий мақолалар, бадиий асарлар ёзилган, илмий изланишлар олиб борилган, бадиий ва ҳужжатли фильмлар ишланган. Лекин Дрейфус оқланганига қарамасдан бу ўтган аср сиёсат оламидаги энг сирли ишлардан бўлиб қолмоқда.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)