Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев томонидан Самарқанд вилоятида сайёр қабул ўтказилиб, унда жами 44 нафар жисмоний ва юридик шахснинг вакиллари қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари тингланди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилган мурожаатларнинг 11 таси суд масалалари, 8 таси прокуратура, 6 таси ички ишлар иш юритуви ҳамда 19 таси ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид мурожаатларни ташкил этди.
Мурожаатларнинг 12 таси жойида қаноатлантирилди.
Шунингдек, бош прокурор Самарқанд шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволи, аҳолининг турмуш тарзи билан танишиб чиқди.
Шаҳарнинг «Нурафшон» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган фуқаро Р.Мамаев ва Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Д.Борункин хонадонларига борилиб, уларнинг турмуш тарзи ва оилавий аҳволидан хабар олинди.
Шунингдек, Ниғматилла Йўлдошев Самарқанд шаҳар 61-сонли эшитишда нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари билан учрашиб, уларнинг шароитлари билан танишди.
Бош прокурорнинг сафари доирасида Пастдарғом туманидаги «Мирзатуп» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1,05 километр масофадаги тупроқ йўлга шағал ётқизилиши, кўча бўйлаб 12 та электр симёғочлари ўрнатилиб, кабеллаштирилиши таъминланди.
Фуқаролар томонидан қабулда топширилган мурожаатлар назоратга олиниб, қонуний ҳал этилиши таъминланади.
Изоҳ (0)