17 декабрь, сешанба куни Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказида 100 нафар курсантга мўлжалланган ва қайта таъмирдан чиққан замонавий ошхона биносининг тантанали фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Хабар берилишича, тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмонов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев, ҳарбий хизматчилар, марказ ўқитувчилари ва курсантлари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Марказ ошхонаси 100 кишига мўлжалланган бўлиб, у ерда Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан Қуролли кучлар тизимига киритилган озиқ-овқат билан таъминлаш тизими — аутсорсинг жорий этилган. Ошхона «Ирдимзон қурилиш» хусусий корхонаси томонидан қурилиб, миллий дизайн ҳамда замонавий ускуна ва анжомлар билан жиҳозланган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги «Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан жорий йилнинг март ойида Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш маркази фаолиятини бошлади.
Изоҳ (0)