9 декабрь, душанба куни Истанбул шаҳрида ўтказилган «Осиё юраги — Истанбул жараёни» форумининг саккизинчи вазирлар конференцияси доирасида Ўзбекистон, АҚШ ва Афғонистон делегациялари раҳбарларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.
Учрашувда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Эллис Уэллс ва Афғонистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Идрис Заман бошчилигидаги делегациялар иштирок этди.
Уч томонлама учрашув чоғида Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасидаги савдони кенгайтириш, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, ушбу давлатни минтақавий интеграцион жараёнларига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Афғонистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятга тинч сиёсий жараённи илгари суриш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш ва Афғонистоннинг Марказий Осиё минтақасига интеграциялашувига кўмаклашиш бўйича Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатини АҚШ ва Афғонистон томонлари юқори баҳолади.
Ўзбекистон—Афғонистон муносабатларини янада чуқурлаштириш бўйича ҳамкорлик йўлларини муҳокама қилиш, шунингдек, ушбу ҳамкорлик жараёнида муайян лойиҳаларни моддий-техник рағбатлантириш имкониятларини кўриб чиқиш учун ушбу уч томонлама маслаҳатлашувларда доимий тус беришга келишиб олинди.