Бу ҳақда Европа ядровий тадқиқотлар маркази (CERN) ўз сайтида хабар қилган. Унда айтилишича, олимлар Хиггс бозони массасини 0,1% гача аниқликда ўлчашга муваффақ бўлди.
Хиггс бозони бу – ўзига хос, алоҳида аҳамиятга эга заррача бўлиб, элементар заррачаларга масса бағишлайдиган квант майдон заррачаси ҳисобланади. Ушбу заррачанинг мавжудлигини физиклар 1960 йиллар ўрталарида назарий мулоҳазалар орқали тахмин қилишган эди. Стандарт модел деб номланадиган бугунги кун физикасидаги етакчи моделда ушбу бозон ўзига хос, алоҳида ўрин эгаллайди ва протон, нейтрон ва электрон сингари барча заррачаларга айнан у масса беради деб қаралади.
Бозоннинг мавжудлиги ҳақидаги фикрларнинг назарий-илмий исботи 60—70 йилларда англиялик физик Питер Хиггс томонидан келтирилган бўлиб, мазкур заррача унинг фамилияси билан номланади ва «Хиггс бозони» дейилади.
Хиггс назарий жиҳатдан исботлаб берган мазкур заррачанинг амалда, ҳақиқатан ҳам мавжудлигини билиш учун эса 40 йил атрофида вақт кетди. Хиггс бозони биринчи марта Катта Адрон Коллайдерида ўтказилган экспериментлар орқали 2012 йилда реал жиҳатдан аниқланган. 2013 йилда эса ушбу кашфиёт учун Питер Хиггс физика бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган.
Агар Хиггс бозони бўлмаганда, сиз билан бизнинг танамизни ташкил қилувчи атомлардаги протон, нейтрон ва электронларнинг ҳаммаси нол массага эга бўларди ва улар борлиқда ёруғлик тезлигида ҳаракатланар эди. Яъни Хиггс бозонисиз борлиқ бугунги кўринишга келолмасди; умуман, коинотда юлдузлар ва галактикалар шаклланмаган, материя эса оғир объектларга жипслашмаган бўларди. Шу сабабли айрим фан тадқиқотчилари Хиггс бозонини «Тангри заррачаси» деб ҳам аташган (албатта, улар ушбу кўчма маънони қўллашда, бўрттиришни ҳам ошириб юборишган).
Аслида бу шунчаки бўрттирма гап эканидан бехабар одамлар эса Хиггс бозонини топилса, Худонинг мавжудлиги исботланган бўлади деган янглиш ва ғализ фикрларга бориб юришган.Бошқа зарраларга масса берувчи ушбу бозоннинг ўзи ҳам албатта массага эга. Бироқ бугунги кунга қадар Хиггс бозони массаси унчалик аниқликда ўлчанмаган эди. Ўлчашларда дағал яхлитлашга йўл қўйиларди.
Аслида Хиггс бозонининг массаси элементар зарралар физикасида ва умуман, илм-фанда ниҳоятда муҳим бўлган рақам бўлиб, квант физикаси соҳасида олиб борилаётган кўплаб тажрибаларда айнан Хиггс бозони массасига таянилади.
2012 йилда – Хиггс бозони эндигина кашф этилган вақтда унинг массаси 125 гигаэлектронволт (ГеВ) деб баҳоланган эди. Бироқ бу ўлчашнинг хатолик даражаси жуда дағал бўлган. Массани янада аниқроқ ўлчаш учун Катта Адрон Коллайдернинг АТЛАС ва CМС гуруҳлари ўтган бир неча йил ичида жуда кўп сонли экспериментларни бажариб кўришди ва натижаларни таҳлил қилиб чиқишди.
Даставвал, 2018 йилда АТЛАС томонидан Хиггс бозони массаси 0,19% даражадаги аниқлик билан, яъни 124,97 ГеВ сифатида қайта белгиланган бўлса, бу сафарги CМС гуруҳи эълон қилган масса кўрсаткичи аниқликни 0,12% гача оширгани таъкидланмоқда. Демак, эндиликда Хиггс бозони массаси 125,35 ГеВ экани тайин қилинди. Тажриба тафсилотлари CМС гуруҳининг сайтида батафсил мақола орқали эълон қилинган.
Эндиликда физиклар ушбу массанинг ўта аниқ қийматини биладилар ва бу кейинги тажрибалар натижалари янада мукаммал ва аниқроқ бўлади демакдир.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)