Ҳаваскор бокс бўйича Осиё ва Жаҳон Чемпиони Баҳодир Жалолов Sputnik Ўзбекистон нашрига интервью берди. Ўзбекистонлик боксчи ҳаёти, эришган муваффақиятлари ва келгуси режалари ҳақида сўз юритди.

— Баҳодир, сиз учун бугунги кунда нима муҳимроқ — Токиодаги Олимпиада ўйинларида қатнашиш учун саралаш босқичидан ўтиш ва иштирок этиш ёки навбатдаги профессионал жангми?

— Ҳозир мен учун биринчи мақсад  Олимпия ўйинлари. Олимпия ўйинларида ғолиб чиқсам, кейин профессионалга тўлиқ ўтиш ниятим бор. Ҳозирча камар ҳақида умуман ўйламаяпман. Бор фикрим Олимпиада билан банд.

— Профессионал рингдаги кейинги жангиз қачон бўлади ва рақибингиз ким бўлади?

— Ҳозир ҳаваскор боксдаман. Февраль ойида Хитойда Олимпиадага йўлланма берадиган мусобақа бўлиб ўтади Осиё-Океания турнири. Ўша мусобақада қатнашаман, ким билан тушишим ҳозирча аниқ эмас: қозоғистонлик, кореялик, эронлик боксчилар бор. Ўша боксчилар билан тушаман, деб ўйлайман.

Фото: Sputnik

— Рио шаҳридаги олимпия ўйинларида сиз Ўзбекистон жамоаси байроқдори бўлган эдингиз. Стадионда байроқ билан ўтган пайтингиздаги  ҳис-туйғуларингиз эсингиздами?

— Нима десам бўлади? Жамоа сардори бўлгандан кейин, масъулият жуда ҳам оғир бўлади. Ўшанда, Олимпиада пайти 21 ёшда бўлганман. Жуда ёш эдим. Жуда хурсанд бўлганман, чексиз фахрланганман Ўзбекистон байроғини кўтариб чиққанимга. Яъни Ўзбекистон байроқдори вазифасини менга ишониб топширганлари учун. Лекин ишончларини оқлай олмаганман. Худо хоҳласа, ваъда бераман, халқимизни ишончни оқлаб, Олимпиада ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтаман.

— Ўзингизни ватанпарвар деб биласизми, ёшларга ўрнак бўлишни хоҳлайсизми?

— Бу мақтаниш эмас, лекин агар ёшларимиз бизлардан ўзларига нимадир олаётган бўлса, биз, спортчиларни кўриб ўзларига озгина бўлса ҳам мотивация олаётган бўлса мен жуда ҳам хурсандман. Лекин мен бу учун ҳали ҳеч нарса қилмадим. Ватаним учун амалга оширадиган ишларим кўп. Дейлик, Осиё, Жаҳон чемпионати, Олимпиада курашлари, кўплаб мусобақалар бор олдинда. Ўшаларда ғалабани қўлга кирицам, озгина бўлсада ватан учун нимадир қилган бўламан.

Фото: Sputnik

— Жаҳон Чемпионатида мағлуб бўлган рақибингиз ҳолидан хабар олиш мақсадида унинг олдига ташриф буюришингиз интернетда катта муҳокамаларга сабаб бўлди, айтингчи, бу сизнинг фикрингиз бўлганми ёки ташкилотчиларни?  

— Очиғи, бу ҳақда ҳаёлдан ўтказганман, аммо махсус видео суратга олиб, уни чиқариш режада йўқ эди. Айтмоқчиманки, бу иш олдиндан режалаштирилмаган. Мен билан бирга борган ўртоғим ортимда туриб шу видеони олган экан. Кейин устозим кўриб қолиб, ижтимоий тармоққа қўйинглар, дея маслаҳат берди. Шу билан видео машҳур бўлиб кетди. Агар бу бошқа спортчиларга ўрнак бўлган бўлса, мен жуда ҳам хурсандман.

— Бокс — бу агрессив спорт тури ҳисобланади, сиз кундалик ҳаётда қандайсиз? Фильм кўриб йиғлашингизми ёки кичик мушук боласини кўрганизда қандай ҳиссиётларни туйасиз?

— Тўғри, ҳаётда жуда жаҳлдор инсонман. Жаҳлим тез. Мен буни яширмайман. Оилада битта ўғилман. Сингилларим ҳатто мендан жуда қўрқишади. Қараб ўтирмайман, қаттиқ гапириб юборишим мумкин. Шунинг учун ҳам ўйланаман, қанақа қилиб уйланарканман деб (кулади). Лекин ота-она ҳақидаги фильмларни кўрсам, ёки аёл кишини ҳаётда қийналиб қолганини кўрсам, йиғлаворгим келади. Кўпинча кечки пайт кўчада бўлганимда қизларнинг официантлик қилиб юрганини кўрсам чидолмайман, ичимдан эзиламан, уларга раҳмим келади.

Фото: Sputnik

— Жаҳон Чемпионатидаги муваффақиятинингиз кенг нишонланди ва давлат томонида сизга уй совға қилишишганди, шу уйга кўчиб ўтдингизми?

— Ҳали ремонт қилмадим, чунки тадбирлардан бўшаганим йўқ. Худо хоҳласа, энди ремонт қилиб, кейин халққа ош берамиз. Уй тўй қиламиз, насиб қилса.

— Сиз учун нима кўпроқ фахрли — Олимпия ўйнларида чемпионлик ёки мутлақ профессионал ғолиб боксчи?

— Олимпиада, юқорида айтганимдек, ҳамманинг орзуси. Лекин профессионал боксда «Доктор железний кулак» лақабига эга Кличкодек ёки «темир» Майк Тайсондек боксчи бўлганга етмайди, деб ўйлайман, тўғриси. Профессионалда енгилмас бўлсангиз, Олимпиада ҳам эсдан чиқиб кетади (кулади).

Фото: Sputnik

— Рақибларингиз сиз ва бокс мактабингиз ҳақида ҳурмат билан гапиришади. Бошқа давлатлардан жаҳон спортидан дўстларингиз борми? Ёки биринчи навбатда сиз ҳаммани рақиб деб биласизми?  

— Албатта, дўстларим кўп. Кореядан яқин дўстим бор Ҳон Кю Осиё чемпиони бўлди. Тайланддан дўстларимиз бор. Россиядан ҳам дўстим бор профессионал боксчи Дмитрий Бивол, жаҳон чемпиони. Сергей Кузмин бор. Мени профессионалдаги мураббийим ҳам россиялик Геннадий Машянов. У мени Жаҳон Чемпионатидан олдин икки ой шуғуллантирган ва ундан кўп нарсани ўргандим. Геннадий Юревич жуда ақлли мураббий.

Дўстларим орасида бири кичик вазнда, бири оғир вазнда. Шу боис улар билан рингда учрашиб қолиш эҳтимоли ҳатто йўқ.

— Шубҳасиз, спорт ҳаётингизнинг катта қисмини эгаллайди. Оила, болалар ҳақидаги фикрлар ҳақида ўртоқлашсангиз?

— Албатта, шундай ҳаёллар келиб туради. Ниятда бу. Худо хоҳласа, Олимпиада ўйинларида олтин медал олиб, кейин уйланаман, деб ният қилганман. Иншооллоҳ шу кунларга етказсин.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!