«Браво» жамоаси аъзоси Отабек Мирзахолов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналсит Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Фото: Instagram / @otabekmirzaholov

Отабек Мирзахолов суҳбат давомида «Браво» жамоасининг илк концерт дастури арафасида, концертга бир кун қолганида отаси оламдан ўтгани, концертга бормайман деб ўйлагани ҳақида гапириб берди.

Ўйлайманки, ўтган йилги концерт дастуридан олдин ҳаётимдаги энг катта ва қайғули имтиҳондан ўтдим, десам адашмаган бўламан. 11 сентябрдан бошлаб ‘Халқлар дўстлиги’ санъат саройида концертимиз бўлган бўлса, 10 сентябрь куни жойлари жаннатда бўлсин, дадажонимни сўнгги манзилга кузатиб, ерга қўйдик. Ўзим бориб, ўз қўлларим билан қўйдим. Лекин, касбимиз шундай экан, ёнимдаги устозларим, дўстларим албатта онам, укам, сингилларим далда бўлишди.

Санъаткор эканмиз, санъат ва халқни олдидаги бурчимизни бажаришимиз кераклигини айтиб, устозим Жаҳонгир Позилжонов Тошкентга олиб келди. 11 сентябрь куни эрталаб Тошкентга келганмиз, кейин тайёргарлик қилиб, жамаодагиларга шахсан ўзим , ‘Тўғри, оғир аҳволдаман, лекин, ҳеч ким ҳеч нарсани ўйламасин’, — деганман.

Менга жудаям оғир бўлган. Лекин, устозларимиз, Шукурилло Исроилов ўзларини бошида ҳам шунақа ҳолат бўлганлигини айтиб, далда бериб туришди. Ҳозир исмларини бирма-бир санаб беролмаслигим мумкин, лекин жуда кўп санъаткор устозларимиз ва албатта яқин қариндошларим далда бериб туришган. Бу нарсани сўз билан гапириб бериб бўлмайди.

Концерт бўларди-ю, лекин мен боролмасам керак деган ўй ўтган. Концертга бормайман деган фикрлар келган. Устозимиз Жаҳонгир Позилжонов онамлар билан бирга ўртага олиб, шахсий масалада суҳбат бўлган. Шундан кейин устозимни ўзлари Тошкентга олиб келганлар. Кейин, келиб халқни олдидаги бурчимизни бажариб, концерт дастурига чиққанман. Ҳеч кимни бошига бунақа кун солмасин.

Отабек Мирзахолов, «Браво» жамоасининг аъзоси