Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида 30 миллион сўм қарзини бермай келаётган эркак ўласи қилиб калтакланди. Бу ҳақда «Дарё»га Сирдарё вилояти ҳокимлидаги манбаси хабар берди.
Маълум бўлишича, 10 октябрь, пайшанба куни 37 ёшли С.Х. бош тепа чап томони ёрилиши, бурун суяги ёпиқ синиши ва бошқа тан жароҳатлари билан Сардоба тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Аниқланишича, шу куни соат тахминан 17:00 ларда туман ҳокимлиги олдида фуқаро С.Ф. таниши С.Х.ни олдига чақириб, унинг 30 миллион сўм қарзни қайтариш масаласида гаплашиб олиш учун автомашинага таклиф қилган.
Шундан сўнг биргаликда Ф.С.нинг Nexia машинасида Сардоба туман «Файзлиобод» МФЙ ҳудудидаги дала майдонига бориб, ўзаро суҳбат давомида юзага келган келишмовчилик натижасида қарз берган Ф.С. фуқаро Х.С.ни қўл ва оёқлари билан уриб тепиб, тан жароҳати етказган.
Жабрланувчи Х.С. ўз кўрсатмаларида Ф.С.нинг ёнида униг икки ўғиллари ҳам бўлганини, улар ҳам уни уриб тан жароҳати етказганини маълум қилган. Ўғиллар ҳақиқатан ҳам Х.С.ни ҳокимият биноси олдида кўрганида отаси Ф.С. билан бирга бўлганини, лекин у Х.С. билан гаплашиб оладиган гаплари борлигини айтгани сабабли ҳокимият биноси олдида машинадан тушиб қолганини маълум қилган.
С.Ф. ўз кўрсатмаларида Х.С.нинг ундан 30 миллион сўм қарзи борлигини, лекин бу пулларни бир йилдан буён қайтармай келаётганлиги сабабли гаплашиб олиш учун четроқ жойга борганида Х.С. билан ўзаро тортишиб қолиб жаҳл устида уни уриб тепиб тан жароҳати етказганлигини маълум қилган.Мазкур ҳолат юзасидан 11 октябрь, жума куни Х.С.нинг олган тан жароҳатлари юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, Х.С. ҳозирда шифохонада даволанаётганлиги, тўлиқ ташхис қўйилмаганлиги, экспертиза текшируви тамомланмаганлиги сабабли хулоса олишнинг имкони бўлмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)