Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 4 октябрдаги қарорига асосан Кўчмас моддий маданий мерос объектларнинг миллий рўйхати тасдиқланди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар бермоқда.

Фото: ЎзА

Рўйхатдан 8208 та кўчмас моддий маданий мерос объекти жой олган. Улардан 4748 таси — археологик ёдгорликлар, 2250 таси — архитектура ёдгорликлари, 678 таси — монументал санъат ёдгорликлари ва 532 таси — диққатга сазовор жойлар.

Кўчмас моддий маданий мерос объектларининг катта қисми Самарқанд (1607 та), Қашқадарё (1468 та), Бухоро (829 та), Тошкент (828 та) вилоятларида рўйхатга олинган. Энг кам объект Сирдарё вилоятида қайд этилган бўлиб, уларнинг сони 78 тани ташкил қилади.

Тошкент шаҳрида 354 та объект мавжуд бўлиб, уларнинг орасидан нафақат Х—XIX асрларда қурилганлар, балки ХХ — XXI асрга тааллуқли бинолар ҳам ўрин олган. Шу жумладан, «Чорсу» бозори, Боткина қабристонидаги мемориал ёдгорликлар, таниқли шахсларнинг ёдгорликлари, шунингдек, 2017—2018 йилларда барпо қилинган «Сузук ота» комплекси.

Қарорга кўра, маданият вазирига зарурият туғилганда, объектнинг номига, даврига ва манзилига аниқлик киритиш ҳуқуқи берилди. Бундан ташқари, асосли зарурат мавжуд бўлганда, Маданият вазирилиги миллий рўйхатга ўзгартириш киритиш ёки уни тўлдириш ҳақида таклиф киритади.

Миллий рўйхатга киритилган объектларга тарихий, бадиий ёки бошқа маданий аҳамияти сабабли гаров ёки ипотека қўлланилиши мумкин эмас. Шахсий мулк ҳисобланадиган кўчмас моддий маданий мерос объектлари бундан мустасно.