24 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» халқаро туризм университетига 2019/2020 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган талабалар учун Orientation week ҳафталиги доирасида Welcome to the University номли тадбир ўтказилди. «Дарё» вакиллари ушбу тадбирда иштирок этди.
Тадбирда ёшларни университет фаолияти, мақсад ва вазифалари билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ва уларнинг ота-оналари қатнашди.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, университет ректори Азиз Абдуҳакимов белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, жорий йилда мазкур нуфузли таълим даргоҳига ўқишга қабул қилинган ёшларни табриклади. Уларнинг ўқишларига муваффақият тилади.
«Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил июнь ойида Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммитида илгари сурган ғояси асосида ўтган йил ташкил этилган университетимиз мамлакатимизда халқаро талаблар даражасида туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаси ҳисобланади, – деди Азиз Абдуҳакимов. – Бугунги кунда университетимизда туризм соҳаси учун энг зарур ва замонавий мутахассисликлар бўйича бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларида кадрлар тайёрланмоқда. Қисқа вақт ичида дунёнинг ўндан ортиқ давлатларидаги етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик. Ўзбекистон олий таълим тизимида илк бор double degree (қўшма диплом) дастури бўйича ҳамкорликда талабаларни ўқитиш йўлга қўйилди. Бу бизнинг талабаларимизга хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларида таълим олиш, малака ошириш, тажриба ўрганиш имкониятини беради».
Шуни таъкидлаш керакки тадбир расмиятчиликдан холи, анча қизиқарли ўтди. Узундан-узоқ маърузалар ўрнига университет талабалари томонидан қизиқарли мавзуларда чиқишлар тайёрланган ва бу тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга манзур бўлди.
Ушбу университет туризм соҳасида бакалавриат ва магистратура йўналишларида мавжуд бўлган деярли барча хизмат турлари бўйича мутахассислар тайёрлайди. Таълим йўналишлари учта йирик таълим йўналишларига бирлаштирилган: иқтисодиёт фанлари, коммуникация, гуманитар фанлар. Ушбу университетда бугун фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар таркибининг 30 фоиз хорижий илғор олий таълим муассасаларидан келган хорижий олимлардир.
Шунингдек, университет 2019 йилнинг 3 сентябрь куни Creative Spark таълим бўйича Британия кенгаши гранти доирасида «Инглиз клуби» очилиши грантини ютиб олди.
Қисқа муддатли фаолиятига қарамасдан, университет томонидан эришилган бошқа ютуқлар ҳам алоҳида таҳсинга сазовор:
1. Университет ўқув дастурлари иқтисодиёт реал сектори талабларидан келиб чиқган ҳолда, UNWTO экспертлари билан ҳамкорликда тузилган;
2. Университетда фаолият юритаётган мутахассислар қаторида Туристик гидлар бутунжаҳон ассоциациацияси (WFTGA) амалдаги аъзолари ҳам мавжуд бўлиб, улар томонидан, Британия кенгаши лойиҳаси доирасида салоҳиятли иш берувчилар фикрини инобатга олган ҳолда, гидлар профессионал стандарти ишлаб чиқилган;
3. Университет кенгаши фахрий аъзолари орасида Sahid Group корпорацияси президенти Нугрохо Сукамдани, 2001–2004 йиллар давомида Индонезия президенти, давлат арбоби Днах Пермата Мегавати Сетавати Сукарнопутри хоним ҳамда Сочи давлат университети ректори Романова Галина Максимовналар ўрин олган;
4. Университет Ўзбекистон олий таълим тизими тарихида биринчи бўлиб double degree (қўшма диплом) дастури бўйича ҳамкорликда талабаларни ўқитиш дастурини йўлга қўйди. Ҳозирги пайтда талабаларни triple degree (уч томонлама диплом) дастури бўйича ўқитиш дастури лойиҳаси устида ишлар олиб борилмоқда;
5. «Ипак йўли» халқаро туризм университетига кириш мутахассислик ва таълим курсини танлашдан бошланади. Таълим дастурини аниқ йўналишларни белгилаган ҳолда танлаш мумкин.
«Ипак йўли» халқаро туризм университети бутун дунё бўйлаб жойлашган компаниялар, олий таълим муассасалари ва тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилади, бу эса талабаларга, деярли текин равишда, танланган ихтисослик бўйича хорижда таълим олиш ва малака ошириш имкониятини беради. Университет Европа, Америка, Жануби-Шарқий Осиёнинг энг нуфузли университетларида малака ошириш, ёзги мактабларда таълим олиш ёки экзотик мамлакатларда тўрт ҳафта давомида экспедицияга жўнаш имкониятини беради. Бундан ташқари, талабалар Erasmus+ дастурларида қатнашиб, стипендия олиш имкониятига эга.
Бундан ташқари, университет талабалик ҳаёти, бу фақатгина зерикарли маърузалар ва имтиҳонлар эмас. Замонавий талабалар ҳаётида жуда кўп қизиқарли, жўшқин, ноанъанавий нарсалар бор. Буларнинг барчаси ушбу университет талабалари ҳаётида бор.
Изоҳ (0)