«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» лойиҳаси доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Рашод Нури Гунтекиннинг «Чолиқуши» романи ҳақида ҳикоя қилади.

Флешбэк

Бу китоб ҳақида жуда кўп эшитганман, болалигимизда эса сериалини кўрганман. Барибир уни ҳеч қачон ўқимасам керак деб ўйлардим. Чунки менда нимагадир йигит ва қиз ўртасидаги севги-муҳаббат мавзусига нисбатан улкан иммунитет шаклланган ва ўзим реалист бўлганим учун севги ҳақида романларни ўқимас эдим ёки, ўқиган бўлсам-да, уларда асосий мавзу севги деб ўйламас эдим. Аммо бу китобни бир дўстимнинг тавсияси билан ўқиб чиққач, унда нафақат севги, балки ўша давр Туркиясининг ижтимоий ҳаёти, тарихи ҳақида ҳам локал билимлар олишга эришиш мумкинлигини англаб етганман.

Роман ҳақида

«Чолиқуши» романи 1922 йилда машҳур турк ёзувчиси Рашод Нури Гунтекин томонидан ёзилган. Ёзувчининг энг машҳур асари ҳисобланган ушбу роман 1922 йилда «Вақт» газетасида бўлим-бўлим эълон қилина бошланган. Асар биринчи марта 1923 йилда китоб ҳолида чоп этилган. Ёзувчининг ўзгартиришларидан кейин 1937 йилда «Чолиқуши» романи мукаммал ҳолга келтирилган.

Фото: Google Photos

«Чолиқуши» ишқий мавзуда ёзилган асар бўлиши билан биргаликда ўша даврнинг ижтимоий муаммоларига моҳирона танқидий ёндаша олган роман сифатида ҳам муҳимдир. «Чолиқуши» Туркияда янги ва модерн даврнинг бошланишини ифодалаган асар ҳисобланади. Романнинг охирги бўлимидан ташқари тўрт қисми бош қаҳрамон Фериденинг хотира дафтари сифатида унинг тилидан ҳикоя қилинади ва икки ярим ёшидан бошлаб йигирма беш ёшига етгунча, муҳаббати Камронга эришгунча бўлган воқеларни ўз ичига олади. Бешинчи қисмда эса Фериде ва Камроннинг топишиши ҳикоя қилинади.

Сюжет

Фериде романнинг бош қаҳрамони, бундан ташқари, асарнинг дастлабки тўрт боби ҳам унинг тилидан ҳикоя қилинади. Олти ёшида Мўсулда касал онасидан айрилиб қолган Фериде Истанбулда бувиси билан яшашни бошлайди. Тўққиз ёшида бувиси ҳам вафот етади. Отаси уни қолиб ўқиши мумкин бўлган Dam do’Sion номли француз қизлар мактабига беради. Таътил кунларида эса Фериде холаларининг уйида қолади. Фериде мактабда ҳам қариндошлариникида ҳам бир ерда турмайдиган, жуда шаддод, ярамас, кўзи тушган дарахтга чиқволадиган, хуллас, ҳар қандай безориликдан таб тортмайдиган қиз эди. Мактабда танаффус пайтлари Фариденинг шохдан шохга тирмашаверганини кўрган ўқитувчиси унга «Чолиқуши» деб лақаб қўяди. Ўзи сезмаган ҳолда холаваччаси Камронни севади ва доимо уни Наримон исмли ёш, гўзал бева бир аёлдан қизғониб юради.

Камрон ёш, келишган ва жуда нозиктаъб йигит. Айни пайтда у ҳам гўзалликда тенгсиз, шўхлиги оламни маҳф етадиган Феридега бефарқ эмас. Фериденинг ноодатий қизғонишлари ҳисларини ошкор қилиб қўяди. Камрон ва Фериде унаштирилади. Унаштирувдан кейин Фериде, севса-да, Камронга нисбатан совуқ ва бефарқ муносабатда бўлади. Фериде кетишини хоҳламаслиги ҳақидаги хаёллари пучга чиққан Камрон тўрт йилга Европага, амакисининг ёнига кетади. Фериде билан унаштирилганига қарамасдан, Камрон Европада Мунаввар исмли бир аёл билан ишқий муносабатда бўлади. Орадан тўрт йил ўтгач, Истанбулга қайтади ва тўй тайёргарликлари бошланиб кетади.Тўйга уч кун қолганда Фериде ўзлари яшайдиган кўшкка келган қоп-қора ёпинчиқли аёлдан Камроннинг Европадаги ишқий муносабатлари ҳақида хабар топади. Камронга кичик бир мактуб қолдириб, кўшкни тарк этади.

Фериде қалбида муҳаббати ва Камрон етказган яралар билан Онадўлуга муаллима сифатида йўл олади. Иш қидириб Онадўлунинг жуда кўп шаҳар ва қишлоқларини кезади (Бурса, Зайнилар, Чаноққалъа, Измир, Қушадаси). Зайнилар номли қишлоқда онаси ноқис йўлга кириб кетган Муниса исмли муштипар бир қизчани асраб олади ва у билан яшай бошлайди. Камрондан келган мактубларнинг барчасини ўқимасдан ёқиб юборади.

Фериде гўзал, ёш ва мафтункор қиз эди. Аммо бу гўзаллик борган жойларида унга фақат муаммо келтиради. Эркаклар Фериденинг исмини билмасаларда уни «Ипак қурти», «Гул ба шакар» каби номлар билан атайди. Жуда кўпчилик унга турмушга чиқиш таклифи билан юзланади. Бу каби таклифлар ва ҳар хил ғийбатлар сабаб Онадўлуда ўтказган беш йили мобайнида ишдан бўшаш ҳақида кўплаб аризалар ёзишига, тинимсиз яшаш жойини ўзгартириб юришга мажбур бўлади.

Рашод Нури Гунтекин.
Фото: Wikipedia

Асраб олган қизи Муниса 14 ёшида дифтерия билан оғриб вафот етади. Бу машъум айрилиқдан кейин Фериде уни отасидай яхши кўриб ардоқлайдиган катта ёшли доcтор – Хайруллоҳбейнинг уйида яшай бошлайди. Атрофдагиларнинг кўзидан қочмаган бу ҳолат яна ғийбатларга сабаб бўлади ва Хайруллоҳбей билан ҳужжат учун никоҳдан ўтишга мажбур бўлади. Докторнинг ўлимидан кейин Фериде эрининг васиятини бажариш ва қолдирган омонатини Камронга топшириш мақсадида Текирдоғга, холасининг уйига келади. Хайруллоҳбей Камронга бир мактуб ёзган эди, омонати эса Фериденинг хотира дафтари эди. Камрон хотира дафтарини ўқир экан Фериде ҳақидаги барча ҳақиқатни билиб олади ва уни умрбод қўйиб юбормайди.

Таҳлил

Романнинг асосий мавзуси муҳаббатдир. Фериде узоқ вақт мобайнида севгисини тан олмасдан, Камрондан нафратланишини айтса-да, мактабда ўқиб юрган пайтларида ҳам, Онадўлуда иш излаб саргардон кезган пайтларида ҳам Камронни қаттиқ севишда давом этади. Фериденинг узоқ вақт муҳаббатидан айро қолишига сабаб севиш ва севдиришни етарлича билмаслигидир. Янада аниқроқ қилиб айтсам, ғурури ва севгиси орасида мунтазам курашни тўхтатолмаган Фериде узоқ йил ғурурининг севгиси устидан қозонган ғалабасидан азобланиб яшайди. Онадўлуда кечган йиллари уни батамом ўзгартиради.

Хотира дафтарининг охирги саҳифаларида Фериде йиллар давомида ҳатто ўзидан ҳам яширишга уриниб келган севгисини ниҳоят тан олади. «Ҳа, нега энди алдашим керак? Бутун нафратимдан, исёнларимдан, бутун ўша бўлиб ўтган нохушликлардан қатъи назар, мен сенинг бир парчанг эдим».

Асарда меҳр-мурувват мавзусига ҳам кенг ўрин берилган. Фериде холаларини жуда яхши кўрган. Холалари ҳам Фериде безори ва жуда шаддод қиз бўлишига қарамай, унга ҳамиша меҳр билан ёндашган. Фериденинг Зайнилар қишлоғида оғир шароитда қолган Мунисани асраб олиб, уни ўз қизидай суйиб ардоқлаши ёки ҳарбий доктор Хайруллоҳбей илк кўришишдаёқ Феридега оталарча меҳр кўзи билан боқиб, чорасиз қолганда уни ўз паноҳига олиши асардаги меҳр-мурувват мавзусининг кулминацион нуқталаридир. Ёзувчи Фериде тилидан шундай ёзади: «Нақадар орсиз кўнглим бор менинг, атрофимдаги инсонларни бунчалар тез ёқтириб қолавераман».

Машҳур «Чолиқуши» сериали қаҳрамонлари.
Фото: Wikipedia

Романнинг маҳзун ва романтик тарзда ўзига хос ҳикоя қилинишига ўлим ва айрилиқ тушунчаларининг таъсири кучлидир. Кичик ёшда ота-онасини йўқотган Фериде тўйи арафасида қаттиқ севган инсони Камрондан айрилади. Сал ўтиб Муниса билан янги ҳаёт бошлаган Фериде оғир хасталик сабаб уни ҳам йўқотади. Асар сўнгида эса отасидай кўрган инсони Хайруллоҳбей вафот етади. «Ҳали йигирма уч ёшимга кирмадим; юзимни, вужудимни болаликнинг излари ҳали тарк этмади, аммо кўнглим яхши кўтган инсонларимнинг ўликлари билан лиқ тўла».

Асарда диққат қаратишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат ғурурдир. «Чолиқуши» романининг асосий қаҳрамони Туркия Жумҳурияти учун ўрнак бўла оладиган образдир. Фериде болаликдан ўзини ҳеч кимга хафа қилдирмаган, ўз ҳаққини ҳимоя қила олган, киришимли, замонавий бир қиз бўлган. Камроннинг хиёнатидан оҳ-воҳ қилиб ўтирмайди, тақдирга тан бермайди. Фериденинг Камронни тарк этиб Онадўлунинг чекка қишлоқларига кетишига ва йиллар мобайнида бутун кучи билан ҳаракат қилишига сабаб кучли ғурур эди.

Фериденинг кўшкни тарк этиб кетгандан кейинги ҳаётига назар ташлаганимизда гўзаллик ва мафтункорлик каби хислатларга урғу берилганини кўришимиз мумкин. Фериде туғма жуда гўзал қиз бўлган. Юзи табиий ҳолатда ҳам пардоз қилгандай чиройли эди. Шунинг учун ҳам уни таниган ва танимаганлар «Гул ба шакар»,»Ипак қурти»деган номлар билан атаган.

Фериде кўшкдан айрилгач, салкам беш йил яқинларидан айри яшайди. Бу ҳолатдан тез-тез шикоят қилган Фериде мусофирлик ва ёлғизликдан анча зобланади: «Уфқда оқшомнинг хиралашган мовийлиги узра секингина тутаётган тутунга ўхшаш тоғларни томоша қила бошладим. Чолиқушига бу тоғлардан яна мусофирлик ҳиди кела бошлади. Мусофирлик ҳиди! Бу ҳидни ҳақиқий маънода ҳидламаганлар учун нақадар мантиқсиз жумла».

«Чолиқуши»ни шунчаки бир ишқий роман бўлиб қолишидан қутқарган, анъанавий севги-муҳаббат мавзусида ёзилган бошқа асарлардан фарқи айни пайтда романнинг ўша давр ижтимоий ҳолатидан ҳам ҳикоя қилишидир. Романнинг социал жиҳатини ёритиб берган кенг маъноли сўз бу Онадўлудир. Бу сўзнинг мантиқий дунёси ичида ҳам шу ҳудуд ҳамда шу ҳудудда яшаган инсонлар ва уларга тегишли муаммолар жой олган. Асарда Онадўлу ва у ерда яшаган инсонлар ҳаётига назар ташлаганимизда йўқсиллик, жаҳолат, яшаш завқидан маҳрумлик каби ҳолатларга дуч келамиз. Фериде бир муддат яшаган Зайнилар қишлоғи тасвирлари нафақат Онадўлу, балки ўша даврда ҳукумат тепасида бўлган Усмонли иқтидорининг ҳақиқатларини ҳам кўз олдимизда қип-яланғоч намоён қилади. Зайнилар қишлоғи тасвирида асосан «яккам-дуккам кулбалар», «тахта уйлар»,»чўка бошлаган қоп-қора вайроналар», «у ер бу ерда тутаб ётган ёнғин харобалари» каби ифодалар қўлланилган. У ердаги ўқувчилар аҳволи ҳам жуда ачинарли эди.

Ўзи ҳам муаллим бўлган ёзувчи роман қаҳрамони Феридени ҳам ўқитувчи тарзида гавдалантириб, асарда таълим-тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратган. Романда анъанавий таълим-тарбия тушунчаси ва янги таълим бериш шакли орасида кураш юзага келади. Зайнилар қишлоғидаги Ҳадича хоним ўқитувчилик қила оладиган даражада етарли билимга эга эмас, ўқувчиларни уради, ўлим таҳликасини тарғиб қилади, дарс пайтида ўқувчиларни ерга ўтқизиб, баланд овозда ўқишга мажбур қилади, бўйи етган қизларнинг ўқишига қарши чиқади. Янги таълим тизимида етишиб чиққан Фериде эса Ҳадича хонимнинг амалларига бутунлай қарши бўлиб, ўқувчиларни ўзи билган методда ўқита бошлайди. Болаларни кетма-кет ўтқизади, шовқин қилишларига йўл қўймайди, катта ёшли қизларга ҳам таълим беради, ўлим таҳликасини йўққа чиқаришга уриниб, яшаш завқини тарғиб қилади.

Ўша даврда таълим соҳасидаги танқид қилинган яна бир жиҳат ўқитувчи маошининг жуда камлиги эди. Фериде Онадўлуда ишлаб юрган пайтларида онасидан қолган қимматли буюмларини сотиб кун кўради, пули тугаганда эса ҳатто оч қолган вақтлари ҳам бўлади: «Мен муаллимликни очликдан ўлмаслик учун қабул қилган эдим. Ҳисобим тўғри чиқмади. Бу касб бир кун очликдан ўлдириши ҳеч гап эмас».

Янги «Чолиқуши» сериалидан кадр

Рашод Нури Гунтекин романда бюрократия ва қоғозбозликка ҳам алоҳида аҳамият қаратади. Фериде бюрократия нима экани ва унинг қандай ишлашини билмас, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва менсимасдан муомала қилишларидан хабарсиз эди.

«Чолиқуши» романида бўлиб ўтган воқеалар ХХ асрнинг илк чорагига тегишлидир. Фериденинг Қушадасида яшаган пайтда Биринчи жаҳон уруши даҳшатлари асарда ҳам кўриниш бермасдан қолмаган. Ёзувчи ХХ аср бошларидаги турк халқи ҳаётини кўп жиҳатдан моҳирона ёритиб бера олган.

Хулоса

Ҳам севги-муҳаббат, ҳамда бир можаро романи сифатида эътироф этишимиз мумкин бўлган «Чолиқуши» романи ўқувчига яқин сўзлашув тилида ёзилган ва айнан шу сабабга кўра ҳам севиб ўқилади. Тасвирларнинг ранг-баранглиги ва кўплиги ўқувчининг ўзини ҳам воқеалар орасида ҳис қилишга ёрдамлашади. Айниқса руҳий ҳолатларни мукаммал ўхшатишлар билан ифодалаган ёзувчи табиат ҳодисалари тасвирларидан кўп ва ўринли фойдаланган.

Иқтибослар

Инсон ўзи яшаган жойларда кўнглига яқин олган инсонларга кўринмас симлар билан боғланган. Айрилиқ вақтида бу симлар тортила бошлайди ва узилиб кетган чолғу симларидай хазин овоз чиқаради;

Инсон кимнидир севиб қолса, фалокатга учраганида асирга олингандай бўлади;

Одамзот энг кўп севган кишиси билан синалади;

Ҳақиқий муҳаббат орада қанчалик тўсиқлар бўлишидан қатъи назар асло йўқолиб кетмайди;

Ғамда қандайдир яширин шафқат бордай. Шикоят қилмаганларга нисбатан, уларни кулиб қаршилаганларга нисбатан қамроқ зулмкор бўлади.

Қизиқарли маълумотлар

- Роман ҳаётий ҳикояларга таяниб ёзилган бўлиб, асарда тилга олиган қаҳрамоннинг ҳаётий исми Фериде Пўлатдир. Қушадасидаги уйи реставрация қилинган ва бугунгача сақланиб қолган;

- Рашод Нури Гунтекин «Чолиқуши» романини дастлаб «Истанбул қизи» номли тўрт пардали саҳна асари сифатида ёзган;

- Барчамиз севиб томоша қилган «Чолиқуши» сералида Фериде ролини латофатли турк актрисаси Айден Шенер ижро этган. Айнан шу роли унга кутилмаган машҳурлик тақдим этди. Айден Шенер Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.