Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 9 сентябрь, душанба куни «Тебинбулоқ кони негизида кон-металлургия комплекси қурилиши» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш борасидаги ишларни ташкиллаштиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда АОКА матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Матбуот анжуманида қайд этилишича, мажмуа 2024 йилда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Лойиҳа темир ва пўлатни олиш учун амалга ошириладиган технологияларни қўллашни назарда тутади. Лойиҳани амалга ошириш, объектни қуриш ва фойдаланишга топширишни таъминлаш учун «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибида Тебинбулоқ кони негизида кон-металлургия мажмуасини қуриш дирекцияси ташкил этилди.

«Конда геологик қидирувлар натижасида 2 миллиард тонна хом ашё резерви борлиги аниқланди, — деган дирекция раҳбари Ботир Рустамов. — Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кондан йилига 33 миллион тонна руда қазиб олинади ва ундан 1,5 миллион тонна темир олинади. Кон-металлургия комплекси йилига 900 минг тонна арматура, 225 минг тонна сим, 375 минг тонна уголок, швеллер ва бошқа материаллар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бу катта миқдордаги импорт ўрнини тўлдириб, саноатни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади».

Қайд этилишича, бу ерда 2 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Маҳсулотларнинг 35 фоизини экспорт қилиш режалаштирилган. Лойиҳани ишлаб чиқариш ва амалга оширишга Германиянинг DMT Group ва Австриянинг Horst Viesinger Konsulting корхоналари жалб этилган.

Қўшимча қилинишича, кондаги рудадан 3 минг тонна намуна Германиянинг SGA илмий-тадқиқот лабораториясига юборилиб, рудани бойитиш ва ундан темир моддасини ажратиб олиш бўйича синовлар ўтказилди. Ҳозирги кунда ҳудуддаги мавжуд резервларни баҳолаш ҳамда банк техник–иқтисодий таҳлил лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёни амалга оширилмоқда. Юқоридаги ишлар натижасига кўра, 2020 йил январь ойида лойиҳанинг самародорлиги бўйича якуний хулоса тайёрланади.