Ўзбекистон монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича агентлик ташкил этилди. Бу ҳақда монополияга қарши курашиш қўмитаси хабар бермоқда.

Фото: УзРепорт

Қўмитанинг янги бўлинмаси реклама бозори, товар сифати ва хавфсизлиги, аҳолининг истеъмолчилик саводхонлигини ошириш билан боғлиқ масалаларни назорат қилади.

Агентлик шунингдек, истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини судда ҳимоя қилишга кўмаклашади.

Агентлик ваколатларига:

  • Дўконларда товарларнинг назорат харидини амалга ошириш ҳамда уларни экспертизадан ўтказиш;
  • Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳолатлари тўғрисида ишончли маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда (молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) текшириш ўтказиш;
  • Истеъмол нархлари динамикаси ва ижтимоий аҳамиятга молик товарларга нарх белгилаш механизмларини ўрганиш, нархларни барқарорлаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • Реклама соҳасида адолатсиз рақобатга йўл қўймаслик ва нотўғри рекламанинг олдини олиш.