Багама оролида яшовчи Адриан Фаррингтон «Дориан» тўфони вақтида 5 ёшли ўғлини йўқотди, деб ёзмоқда Tengrinews.

Фото: Twitter

Маълум бўлишича, ўша вақтда сувда қолган ота-бола бор кучини ишга солиб, ҳалокатдан қутулиш йўлини қидирган. Бир пайт Адриан сувда акулалар юрганини кўрган. Йиртқичлар кучли тошқин орқали келиб қолганди. У ўғлини қутқариш мақсадида яқин атрофдаги томга ўтқазган ва тинчлантиришга уринган.

Адрианнинг ўзи томга чиқиб олгунча кучли шамол оқибатида баланд тўлқин кўтарилиб, уларнинг вақтинчалик бошпанасини ювиб кетган. Томда турган бола ҳам отасининг даҳшатдан қотган кўз ўнгида сувга ғарқ бўлган. «Унинг менга талпиниб «дадажон» деб қичқиргани ҳалиям эсимда», — дея кўзда ёш билан эслайди Фаррингтон.

У ўғлини топиш илинжида бир неча марта сувга шўнғиган, лекин топа олмаган. Уйлар вайроналари орасида бола ҳам, унинг кийимлари парчаси ҳам топилмаган. «Унинг ёрдам сўраб қичқиргани ҳамон қулоқларим остида, оқим уни томдан оқизиб кетгани кўз олдимдан кетмаяпти», дейди у.

Адриан ўғлига ёрдам бераётганида оёғини синдириб олган. Бундан имконият камлигини тан олса-да, ўғлининг топилишидан умид узмаяпти. Унинг айтишича, лойқа сувда акулалар кўп эди, оқим ҳам кучли бўлган. Шу сабабли бола фақат мўъжиза туфайлигина омон қолган бўлиши мумкин.

Эркакнинг сўзларига кўра, ярим соатдан кам вақт ичида унинг кўз ўнгида 10—15 нафар одам ҳалок бўлган. У фақат деворлари-ю томи қолган черковга етиб борган. Черков ичидаги одамлар ҳар гал кучли шамол турганда бинодаги конструксияни маҳкам ушлаб олишга ҳаракат қилган. Кейин эса кўз очиб юмгунча черковнинг томи ва деворлари улар устига қулаган.

Фаррингтон, шунингдек, эркакнинг ҳудди тузоққа тушгандек уйида қамалиб қолган оиласини қутқариш учун уй эшигини очишга урингани, уй ичидаги болалар йиғисини эшитган. Сўнг уринишлари самара бермаган ота ҳам йиғлаганини кўрган.

Эркак ўзига бошпана қидирмаган, қутулишга ҳаракат ҳам қилмаган. Шунчаки табиий офатга қўл силтаб, таслим бўлган. У тўфондан кейин тирик қолган қариндошларини излаётган маҳаллий аҳоли томонидан қутқарилган.

Эслатиб ўтамиз, «Дориан» тропик тўфони 26 август куни Атлантика океанидаги Барбадос оролида пайдо бўлиб, уч кундан сўнг Багам оролларига ёпирилган. Тўфон Катта Багам ва Абако оролларидаги жами 13 мингга яқин уйни тўлиқ вайрон қилган. Бўрон марказида шамол тезлиги салкам 300 км/соатни ташкил этган. Багам оролларида «Дориан» тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар сони 43 кишига етди, яна бир неча юзлаб одамлар бедарак йўқолган деб топилмоқда.