11 сентябрь 2001 йилнинг 11 сентябригача оддий сана эди. Тўғри, бу санада кенг жамоатчилик билмайдиган қандайдир соҳа вакилларининг байрами бўлиши мумкин эди. Аммо одатда ундай байрамни фақат ўша соҳа кишилари билади холос. Шундан келиб чиқсак, 11 сентябрь 2001 йилгача оддий кун эди. Аммо ўша куни шундай ишлар содир бўлди-ки, 11 сентябрь куни тарихда қолди. «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош Америка ва жаҳон тарихини ўзгартирган кун ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: AP

Бундан роппа-роса 18 йил аввал — 2001 йил 11-сент­абрда АҚШнинг Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларида рўй берган фожиа кўпчиликнинг ёдида. Ўшанда маҳаллий рейсларда парвоз қилаётган тўрт самолёт террорчилар томонидан эгаллаб олиниб, Нью-Йоркдаги машҳур 110 қаватли Жаҳон савдо маркази жойлашган эгизак бинолар ҳамда АҚШ Мудофаа вазирлиги биноси – Пентагонга келиб урилган эди. Нафақат америкаликларни, балки бутун дунё аҳолисини саросимага солган ҳодисада жами 3 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган ва нархи нечадир миллиард доллардан ошиқ бўлган иккита бино ер билан битта бўлган эди.

Фожиа АҚШ иқтисодиётига анча зарар келтирди. АҚШ тарихига назар ташласак, бу мамлакатнинг энг катта молиявий зарари 1992 йилги Эндрю тўфони туфайли рўй берганини кўрамиз. Ўшанда тўфон талафоти туфайли АҚШ иқтисодиёти 19,2 миллиард доллар зарар кўрган эди. 11 сентябрь воқеалари ортидан келган иқтисодий йўқотиш Эндрю тўфони туфайли рўй берган йўқотишдан ҳам катта бўлди.

Биринчи навбатда эгизак биноларнинг эгалари, бинолар хавфсизлигини суғурта қилган компаниялар батамом синди. Шунингдек, фонд бозорларида турли компанияларнинг қимматли қоғозлари арзонлаб, қиймати тушиб кетди.

Кейинчалик ўтказилган суриштирувлардан шу нарса аниқ бўлдики, самолётларни ўғирлаш ва биноларга олиб бориб уриб портлатиш ишлари Усома бин Лодин раҳбарлигидаги «ал-Қоида» террорчилик гуруҳининг 19 аъзоси томонидан амалга оширилган экан. Ҳарҳолда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва Федерал қидирув бюроси (ФРБ) шундай маълумотларни тарқатди.

Шундан сўнг террорчиларнинг тирик қолган бир нечтаси жазога тортилди.

11 сентябрь фожиалари жаҳон афкор оммаси томонидан «бутун дунё цивилизациясига қарши қилинган таҳдид» деб баҳоланди ва қаттиқ қораланди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин «дунё полицияси» ролини бажариб келаётган АҚШ сентябрь воқеалари ортидан «бутун сайёрада терроризмга қарши кураш» кампаниясини эълон қилди ва дунёнинг турли ҳудудларида босқинчилик уруши олиб бориш учун ёнига «оқ йўл» тилайдиган, қуролли кучлари билан ўзига ёрдам берадиган ҳаммаслакларни тўплай бошлади. Дунёдаги энг йирик ҳарбий ташкилот бўлмиш NATO’нинг бош таъминотчиси АҚШ бўлганини инобатга олсак, бу ташкилотдаги давлатлар АҚШ президенти Кичик Жорж Бушнинг «дунёда терроризмни таг-туги билан қўпорамиз» деган чақириғига «лаббай» деб жавоб берганини тушунса бўлади.

Шу ўринда «террор» атамасига изоҳ бериб кетсам.

«Террор» лотин тилидан олинган сўз бўлиб, «қўрқув», «даҳшат» маъноларини англатади. «Терроризм» – аҳолини қўрқитиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига тазйиқ ўтказиш орқали жиноий, сиёсий, мафкуравий ва шахсий мақсадларни кўзлаш жараёнидир.

«Терроризм» сўзи биринчи марта 1793–1794 йилларда Франция инқилоби даврида истеъмолга киритилган. Ўша даврда бу сўз ижобий маънода қўлланган ва ҳукмдорлар томонидан халққа нисбатан зулм ошиб кетганда унга қарши кураш ифодаси саналган.

Фото: AP

Базаримда, жаҳон афкор оммасининг фикрига кўра ҳарбий тарафдан кучли бўлган мамлакатларнинг ўзидан кучсиз мамлакатларга ноҳақ бостириб кириши ҳам айнан терроризмнинг ўзи. Бунда ҳам маълум бир давлат ўзга давлат ҳудудига ноҳақдан бостириб кириб, аҳолини қўрқитади, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига тазйиқ ўтказади. Сиёсий ва мафкуравий мақсадларни кўзлайди. Аммо зўравон давлатлар айбини хаспўшлаш, бошқа бир давлатга қарши олиб борган уруши ноҳақлигини тан олмайди. Шу нуқтаи назардан қарасак, бир пайтлар фашист Германиясининг босқинчилик урушлари, АҚШнинг Вьетнамга бостириб кириши, СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши, асримиз бошида АҚШнинг Афғонистон ва Ироққа бостириб кириши ёки ҳарбий жиҳатдан қудратли давлатларнинг турли мамлакатларга қўшин киритиб, ҳарбий ҳаракатлар содир этиши айни терроризмнинг ўзидир.

Ўшанда 11 сентябрь фожиаси халқаро майдонда жосуслик фаолияти етакчиси сифатида эътироф этиб келинган МРБ, шунингдек, АҚШнинг ички ва ташқи хавф­сизликка масъул бўлган барча муассасалари нуфузини кескин тушириб юборди.

Қуйида 2001 йил 11 сентябрь воқеаларининг асосий саналарини келтирамиз.

11 сентябрь, тонгги 07:58

United Airlines авиакомпаниясига қарашли 175-рақам билан Бостондан Лос-Анжелесга йўл олган Boeing 767 самолёти йўловчилар орасида бўлган бир гуруҳ террорчилар томонидан гаровга олинди. Самолёт бортида 56 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган. Лос-Анжелес томон учаётган самолёт террорчилар талаби билан йўналишни мажбурий равишда Нью-Йорк шаҳри томон ўзгартирди.

11 сентябрь, тонгги 07:59

American Airlines авиакомпаниясига қарашли 11-рақам билан Бостондан Лос-Анжелесга йўл олган Boeing 767 самолёти йўловчилар орасида бўлган террорчилар томонидан гаровга олинди. Самолёт бортида 81 йўловчи ҳамда тўққиз нафар экипаж аъзоси бор эди. Бу самолёт ҳам ўз йўналишини мажбурий ўзгартириб Нью-Йоркка қараб йўл олди.

Соат 08:01

93-тартиб рақамли Boeing 767 русумли самолёт 38 нафар йўловчи ҳамда тўққиз нафар экипаж аъзоси билан Нью-Жерсидан Сан-Франсиско томон парвоз қила бошлади.

Соат 08:10

Вашингтон халқаро аэропортидан 77-рақам билан Лос-Анжелес томон учаётган, бортида 58 йўловчи ва олти нафар экипаж аъзоси бўлган Boeing 767 гаровга олинди.

Соат 08:46

Бостон – Лос-Анжелес йўналишида учиши лозим бўлган, аммо самолётни эгаллаб олган террорчилар томонидан мажбурий тарзда Нью-Йорк томон учирилган 11-рақам остида учаётган Boeing 767 самолёти Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак биносидан бири, шимол тарафдаги осмонўпар бинога келиб урилди.

Соат 09:03

Бостон – Лос-Анжелес йўналишида учиши лозим бўлган, аммо террорчилар томонидан Нью-Йорк томон мажбурий тарзда учирилган 175-рақам билан учаётган Boeing 767 самолёти Жаҳон савдо маркази эгизак биносининг жануб томондаги иккинчисига келиб урилди.

АҚШ Федерал авиация маъмурияти Нью-Йорк аэропорти фаолиятини тўхтатди.

Соат 09:45

Вашингтондан 77-рақам билан Лос-Анжелес томон учаётган Boeing 7676 самолёти АҚШ Мудофаа вазирлиги биноси — Пентагонга келиб урилди.

Соат 10:05

Жаҳон савдо маркази эгизак биносининг бири – жанубийси қулаб тушди.

Соат 10:05

Пойтахт Вашингтонда Оқ Уй ва бошқа ҳукумат биноларида фаолият юритувчи барча ходимлар эвакуация қилинди.

Соат 10:10

АҚШ Мудофа вазирлиги маъмурияти – Пентагоннинг самолёт келиб урилган қисми қулади.

Соат 10:10

Нью-Жерсидан Сан-Франсискога 93-рақам билан парвоз қилаётган ва йўлда террорчилар томонидан гаровга олинган самолёт йўловчиларнинг террорчиларга қаттиқ қаршилигидан сўнг Пицбург шаҳри яқинида ҳалокатга учради.

Соат 10:28

Жаҳон Савдо марказининг эгизак биноларидан иккинчиси, шимолий тарафдаги осмонўпар бино ҳам қулаб тушди.

Фото: AP

Юқорида ёзганимдай, АҚШ 2001 йил 11 сентябрь фожиаларидан кейин «бутун дунёда терроризмни йўқотиш» даъвоси билан чиқди ва ўша йилнинг ўзидаёқ NATO ҳарбий блокидаги ўз иттифоқчилари билан Афғонистонга бостириб кирди.

2004 йилда эса жаҳон афкор оммасини «Ироқ атом бомба яратяпти, кимёвий қуроллар ясаяпти» деб чалғитиб, Ироққа ҳам бостириб кирди. Ироқда Саддам Ҳусайн ҳокимияти ағдарилганидан сўнг маълум бўлдики, бу мамлакатда атом бомба ясашга уриниш, кимёвий қуроллар ишлаб чиқариш уёқда турсин, ҳатто тузукроқ оддий қурол йўқ экан.

Умуман олганда, АҚШ 11 сентябрь фожиасини баҳона қилиб, бир нечта мамлакатларни вайронага айлантирди.

Шунингдек, ушбу воқеа ортидан дунёда исломофобия кучайди. АҚШда яшаётган мусулмонлар ҳар қадамда зўравонликка дуч кела бошлади. Ана шундай ҳолатда АҚШнинг ўзида ҳам, Ғарб дунёсининг бошқа мамлакатларида ҳам кўпгина олимлар, жамоат арбоблари «терроризм ислом динига алоқадор эмас» деб чиқишига қарамай, бирмунча муддат исломофобия давом этди. Бундан эса кўплаб оддий мусулмонлар жабр чекди.

Браун университетидаги Ватсон халқаро ва умумий ишлар бўйича муассаса тадқиқотларига кўра, 11 сентябрь воқеасидан сўнг АҚШ олиб борган урушлар харажати 5 триллион 900 миллиард доллардан ошган. АҚШ бошқа мамлакатлардаги урушларда 500 минг нафардан ортиқ одамни ўлдирган.

Агар бунга АҚШ бошлаган урушлар оқибатида келиб чиққан бошбошдоқлик, очарчилик, вайронагарчилик ортидан ҳалок бўлганлар сони қўшилса, бу рақам бир неча миллион нафарни ташкил этади.

2018 йилнинг ноябрь ойида тарқатилган ушбу ҳисоботда келтирилишича, 300 мингга яқин инсонлар АҚШ фитналари, урушлари ва тўқнашувлари оқибатида бевосита нобуд бўлган. Яна миллионлаб инсонлар эса уруш келтириб чиқарган очарчилик ва нотинчлик қурбонига айланган.

Бунга қўшимча равишда урушларда АҚШ армиясининг 6 900 нафар ҳарбийлари ҳамда бу мамлакатнинг 7 800 ҳарбий пудратчиси ҳалок бўлган.

11 сентябрь воқеалари нега рўй берди, унинг олдини олиш мумкинмиди, АҚШ бу воқеа ортидан нималар ютди-ю, нималарни ютқазди, ҳодисалар ҳақида оммага қанчалик тўғри маълумотлар берилган – ҳанузгача савол кўп. Лекин саволларга жавоб берувчи ҳеч ким йўқ.

Бир нарсани таъкидлашни хоҳлар эдим. 11 сентябрь воқеалари бўйича нафақат бошқа мамлакатларда яшайдиганлар, балки АҚШ фуқаролари ва тадқиқотчилари томонидан етарлича шубҳа ва гумонлар бор.

Хусусан, воқеадан беш йил ўтиб америкалик қатор олимлар «11 сентябрь ҳодисаларида асл ҳақиқат оммадан яшириляпти» деб баёнот берган эди.

11 сентябрь воқеалари ҳақида «ҳақиқат яшириляпти» деб даъво қилувчиларнинг бир қисми бу терактни дунёда геосиёсий муҳим ҳудудларни эгаллаш учун АҚШнинг ўзи уюштирди деб ҳисоблайди.

Эгизаклар бинолар ўрнида мана шундай иккита бир хил мемориал тикланган.
Фото: AP

Масалан, бу фикрни илгари сураётган олимлар етакчиси – Юта университети физика профессори Стивен Жонс ўз вақтида савдо маркази қолдиқларини ўрганиб чиққан ва «бинони қулатиш учун портловчи мосламадан фойдаланилган», деган хулосага келган эди.

11-сентябр воқеалари ҳақида ҳақиқат яширилган деб даъво қилувчиларнинг яна бир қисми эса жиноятни террорчилар содир этганига ишонишини, аммо «АҚШ ҳукумати ҳам, МРБ ва ФХБ ҳам ўша фожианинг юз беришини олдиндан билган ҳолда, фожиани баҳона қилиб геосиёсий ва энергетик захиралар бўйича муҳим ҳудудларни босиб олиш учун террорчиларга ҳужум қилиш учун имконият яратиб берган ва қаршилик кўрсатмаган» деган даъвони илгари суради.

Аммо бундай қарашлар жаҳон миқёсида тан олинмаган ва ревизионистик назария ҳисобланади. 11 сентябрь эса, айбдор ким бўлишидан қатъий назар, АҚШ тарихидаги энг фожиали саҳифалардан бири бўлиб қолаверади.

Бундай ҳодисалар бошқа такрорланмасин. Зеро 11 сентябрь товонини миллионлаб инсон ўз жонларидан, молларидан, юртларидан, яқинларидан айрилиб тўлади.

Саломат бўлинглар! Тинчлик бўлсин!

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.