10 сентябрь, 20:30. Усмонхон Алимов диний идора раислигидан кетгани ҳақидаги дастлабки хабарлардан икки соат ўтиб, турли манбаларда унинг ҳали ишдан олинмагани ҳақида раддиялар берила бошланди. Хусусан, @davletovuz канали муфтийнинг ишдан олингани ҳақидаги хабарлар «дезинформация» экани, у ўз лавозимида қолаётгани ҳақида ёзди; ЎзАнинг ёзишича, Алимовнинг ишдан олингани ҳақидаги «хабар ҳақиқатга асосланмаган бўлиб, ёлғон»; «Kun.uz»нинг ёзишича, «йиғилиш танқидий руҳда ўтган, аммо идора раиси (Алимов) ўз лавозимида қолган». Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтийнинг ишдан олингани ҳақидаги хабарлар юзасидан расман раддия берганича йўқ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақдаги хабарларни «Дарё»нинг диний идорадаги манбалари тасдиқлади.

Усмонхон Алимов (ўртада).
Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилишларича, 10 сентябрь куни Халқаро Ислом академиясида бош вазир Абдулла Арипов раислигида йиғилиш ўтказилган. Унда диний идора, унинг вилоятлардаги вакилликлари ходимлари, ҳукумат ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти қатнашган.

Йиғилишда Усмонхон Алимов диний идора раислигидан олингани эълон қилинган. «Azon.uz»нинг ёзишича, шу вақтгача Тошкент вилояти бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келган Хайруллоҳ домла Турматов диний идора раиси, муфтий этиб тайинланган.

Хайруллоҳ домла Турматов.
Фото: «Ziyouz.com»

Маълумот учун, Усмонхон Алимов 1950 йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. Бухородаги «Мир Араб» мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий ма’ҳадида таҳсил олган.

У узоқ йиллар давомида Самарқанд вилоятидаги «Имом Бухорий» жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. 2000—2006 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, 2006 йил августдан диний идора раиси, муфтий сифатида ишлаб келган.