23—24 август кунлари Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўллаб-қувватлаши остида «Стихия» электрон мусиқий фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда ташкилотнинг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

«Стихия» фестивалида Англия, Испания, Германия, Дания, Франция, Нидерландия, Швеция, Янги Зеландия, АҚШ, Исроил, Жанубий Корея, Грузия, Россия, Қозоғистон ва Туркманистон каби мамлакатлардан келган сайёҳлар, маҳаллий аҳоли ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этди. Иштирокчиларнинг умумий сони 5000 нафарни ташкил қилган бўлса, шундан 500 нафари хорижий ва маҳаллий сайёҳлардир.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад Мўйноққа хорижий туристлар оқимини ошириш, Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш ҳамда жаҳон ҳамжамиятини Орол бўйи экологик муаммосидан хабардор қилиш.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Икки кун давомида Alien Rain (Германия), Jamaica Suk (АҚШ), Yan Cook (Украина), Acronym (Швеция), Mama Snake (Дания) ва Dj Sodeyama (Япония) каби таниқли дижейлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Шунингдек, «Стихия» фестивалини ёритиш учун The Telegraph, Resident Advisor, NBC телеканали, Deutsche Welle, Guardian каби машҳур хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда мустақил блогерлар ҳамда Орол денгизи ҳақида китоб ёзаётган Jay Owens ташриф буюрди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Таъкидлаш лозим, NBC телеканали журналистлари «Стихия» ҳақида фильм яратмоқда ва уни Нью-Йоркдаги кинофестивалда намойиш қилмоқчи.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

«Ўзбекистонда бундай даражадаги тадбир ўтказилишини кутмагандим, барчаси кутганимиздан-да аъло! Мен рассомман ва шу сабаб ушбу ноёб ҳодиса менга янги асар яратиш учун илҳом бағишлади. Ажойиб табиат қўйнида бу каби ёшлар тадбирларининг ўтказилиши, шубҳасиз, юртингизда туризмни янада ривожлантиришга туртки беради», — деди исроиллик сайёҳлардан бири.

Япониялик Dj Sodeyama фурсатдан фойдаланиб Ўзбекистон ҳукуматига яратилаётган имкониятлар, ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ва таклиф учун самимий миннатдорчилигини билдирди.

Фестиваль якунига кўра, кўнгиллилар томонидан ишланган SEA инсталляцияси расман ёқилди. Сайёҳлар келгусида ҳам Ўзбекистондаги бу каби тадбирларда қатнашиш истагини билдириб қолди. Тадбир «Факультет» хусусий ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Centil Law ва Peoples Travel, Gete институти ва Indorama томонидан ташкил этилди.