Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг умуммиллий «1146-ишонч телефон»ига қилинган мурожаатларга кўра, ҳар иккинчи мурожаат турмуш ўртоғи томонидан жисмоний зўравонлик ҳолатига тегишли. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг XXI ялпи мажлисида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.
Ялпи мажлисда «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, оила, иш ёки ўқиш жойида кимдир аёлнинг, у аёл жинсига мансуб бўлганлиги учун, қадр-қимматини топташ унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилади ва бу ҳолат унда умидсизлик кайфиятини туғдиради. Унинг оқибатида эса аёл ўз шахсий чегарасини йўқотиб на ўзи учун, на қилаётган иши учун, на фарзанди ва оиласи учун масъулиятни зиммасига олади.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг умуммиллий «1146-ишонч телефон»ига 2019 йил бошидан уч ойгача қилинган мурожаатлар таҳлил қилинганда, маълум бўлдики, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан энг кўп қўлланиладиган зўравонлик тури бу — оиладаги зўравонлик эканлиги маълум бўлди. (Таҳлил қилинган 430 та мурожаатдан 207 таси, яъни ҳар иккинчи мурожаат турмуш ўртоғи томонидан жисмоний зўравонлик ҳолатига тегишлидир).
Шахсга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш жиноий жазоланадиган қилмиш бўлишига қарамай, амалиётда аёлларга нисбатан, айниқса, оилавий-маиший ҳаётда зўравонлик ҳолларига ички ишлар ходимлари ва бошқа давлат органлари томонидан кўрилиши лозим бўлган маълум ҳаракатлар мажмуи белгиланмаганлиги сабабли, оиланинг ички масаласи сифатида унга етарлича эътибор берилмайди.
Бу масалаларни тўлиқ қамраб оладиган ягона қонун ҳамда қатъий белгиланган чоралар мавжуд эмаслиги эса тазйиқ ва зўравонлик ҳолатида қолган хотин-қизларни турли фожиаларга олиб келмоқда.
Бундан ташқари, тегишли идора ва вазирликлар томонидан тизимга солинган комплекс-статистика олиб борилмаяпти.
Мазкур қонун муаммонинг ечимини таъминлашга асос бўлиши ҳар бир тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёлларга мажмуавий ёрдам чораларини ҳамкорликда амалга оширишни таъминлайди. Натижада келажак авлоднинг руҳий, маънавий саломатлигига бевосита таъсир этувчи аёл қадр-қимматини ошириш таъминланади.
Сенаторлар «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини маъқуллади.
Олдинроқ, Сенат «Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунини маъқуллангани ҳақида хабар берганди.
Изоҳ (0)