6 август куни Қашқадарё вилояти Ғузор тумани «Яккадарахт» МФЙ Бутон қишлоғи кўчасида ҳаракатланиб кетаётган «ЗИЛ» русумли юк автомобилида ёнғин содир бўлгани, оқибатда ёнғин хонадонлардан бирининг том қисмига ҳам ўтгани маълум қилинганди. Ёнғиндан жабр кўрган хонадон эгаси София Зикриллаева «Дарё»га мурожаат қилиб, ёнғин оқибатида етказилган зарар қопланмаётгани, мутасаддилар бунга эътибор бермаётганидан шикоят қилди.

Фото: Telegram

София Зикриллаеванинг таъкидлашича, ўша машъум воқеа юз берган пайтда у уйида бўлган.

София Зикриллаева.
Фото: «Дарё»

— 6 август куни соат чамаси 14:00 ларда шовқин-сурон бошланди, — дейди София Зикриллаева. – Иссиқ ҳаво сабабли ланж бўлиб, кўзим илинган экан. Шовқиндан уйғониб кетдим ва деразадан қарадим. Ташқарида юк машинаси кўрингач, мол бозорига мол олиб келганларнинг машинаси бўлса керак деган хаёл ўтди. Шунда дарвозам тақиллади. Қарасам, қўшниларим. «Уйингдан чиқ, ёнаяпти», дейишди. Қўрқиб кетдим. Кўчага отилдим. Қарасам, уйим ёняпти. Ҳайдовчи эса нима қиларини билмай, у ёқдан буёққа қараб чопади.

София Зикриллаеванинг ёнган уйи.
Фото: «Дарё»

Ёнғин содир бўлган жой. Юк машинаси келиб урилган сомонхона.
Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, ҳайдовчи Рафаэл Расулов бошқарувидаги «ЗИЛ» юк машинаси устига меъёридан ортиқ сомон пресслар ортилгач, автомобиль ҳаракати давомида электр симларига теккан. Натижада қисқа туташув юзага келиб, ёнғин чиққан.

Ёниб кетган «ЗИЛ».
Фото: «Дарё»

— Юк автомобилига ҳаддан ортиқ кўп ортилган сомон пресслар электр симларига тегиб, ёна бошлагач кўрганлар «ЗИЛ» ҳайдовчисини огоҳлантирган, — дейди «Яккадарахт» МФЙ раиси Жонимқул Кенжаев. – Ҳайдовчи сомон прессларнинг устки қисмидаги ёнаётган прессларни ерга туширган. Ўтган-қайтганлар «ол буни» дейишгач, ёнаётган сомон прессларни четга олгунча олов кийимига ҳам ўтган. «Зил» бортидаги сомон пресслар тобора кучлироқ ёна бошлаган. Ҳайдовчининг кийими ҳам ёна бошлагач, машинани бошқаришга қийналган. Қолаверса, машинада ўрнатилган газ баллон портлашидан қўрқиб, машина рулини ташлаб қочган. Оқибатда машина бошқарувни йўқотиб, София Зикриллаеванинг сомонхонасига бориб урилган. Ва ёнишда давом этган.

Ёниб кетган «ЗИЛ».
Фото: «Дарё»

МФЙ раисининг айтишича, бу пайтда София Зикриллаева сомонхонасида ҳам сомон пресслар бўлган. Юк машинаси устидаги сомон пресслар ва сомонхонадаги сомон пресслар қўшилиб, даҳшатли ёнғин чиққан.

Ёниб кетган сомонхона.
Фото: «Дарё»

— София Зикриллаева сомонхонасидаги сомон пресслар ва юк машинасидаги сомон пресслар бирикиб, даҳшатли олов пайдо бўлган, — дейди Жонимқул Кенжаев. – Ярим соатда етиб келган ёнғин хавфсизлиги ходимлари оловни 2 соат деганда ўчирди. Хайриятки, ҳеч кимга ҳеч нарса қилмаган.

Жонимқул Кенжаев.
Фото: «Дарё»

Уйи ёна бошлаганини кўрган София Зикриллаева ёрдам сўраб тўрт томонга чопади. Ўзи ҳаракатланишда қийналса-да, чор атрофга югуради. Ҳайдовчига машинани олишини, уйи ёнаётганини айтиб бақиради. Натижада тоби қочиб, тез ёрдам машинаси келади. Қолгани эсида йўқ. Боиси София Зикриллаева ҳушини йўқотганди.

София Зикриллаеванинг эслашича, у 4–5-синфларда таҳсил олиб юрган кезлари эшак судраб кетиши натижасида оёғи жароҳатланган. Эътибор берилмагач, жароҳат вақти келиб ўз сўзини айтади. София Зикриллаева оёқларидаги жароҳат сабаб оқсоқланиб юрадиган бўлиб қолади.

— Отам-онам, жигарларимдан ёлғиз қолдим, — дейди София Зикриллаева. – Яккаю ягонам жияним бор. Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади деганларидек, ҳали таъмири тугамаган уйим ёниб, кул бўлди. Ёрдам сўраб, адолатнинг тикланишидан умид қилиб туман ҳокими қабулига бордим. Ҳоким ҳатто мени эшитишни ҳам истамади. Тўғри, ёнғин бўлган кунининг эртасига туман ҳокими бошчилигида вакиллар келишганди. Ёрдам берамиз дейишди. Ўрганишни бошлашди. Аммо тўрт–беш кун ўтгач, жим бўлиб кетишди. Ҳеч ким эътибор бермаяпти. Уйим шу ҳолатда қолиб кетишидан қўрқяпман. Шунинг учун ҳам туман ҳокимидан умид қилиб боргандим.

София Зикриллаеванинг ёнган уйи.
Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, София Зикриллаева ҳудуддаги 12-сонли умумтаълим мактабида бошланғич синфларга дарс бериб келади. Уйда ёлғиз яшайди.

«Яккадарахт» МФЙ раиси Жонимқул Кенжаевнинг маълумот беришича, София Зикриллаевага туман ҳокими ўз ойлигидан 500 минг сўм ёрдам берган. Суғурта компанияси эса 4 миллион 200 минг сўм тўлаб беришини маълум қилган. Раис бува шунингдек, маҳалла аҳли ҳам бу вазиятда жим қараб турмаслигини, пул йиғиб ёрдам беражагини маълум қилди. Аммо қачонлиги номаълум.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев