«Тошкент метрополитени» унитар корхонаси маъмурияти томонидан Пахтакор ва Алишер Навоий бекатлари оралиғида йўловчиларнинг бўш вақтларида миллий ва жаҳон адабиётидан баҳраманд бўлиши учун мўъжазгина кутубхона ташкил этилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Ахборот-таҳлилий медиа маркази хабар беради.
Унда таниқли драматург ва ёзувчилар, ёш шоирларнинг ижод маҳсуллари, жаҳон адабиётлари тақдим этилган. Бундан ташқари, йўловчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида қандолат маҳсулотлари ва салқин ичимликлар сотиб олиш учун шароитлар яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ 3271-сонли «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, нутқ маданиятини юксалтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Ўзбекистон темир йўллари» АЖда ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга ошириляпти.
Хусусан, янги китоблар харид қилинди, мавжуд кутубхоналар янгидан таъмирланиб, моддий техник базаси янгиланди. Куни кеча китобхонликни тарғиб этиш бўйича яна бир янгиликка қўл урилди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Темир йўл транспорти ходимлари куни муносабати билан айнан шу ерда Ўзбекистон Давлат филормонияси ижодкорлари иштирокида мумтоз мусиқа концерти барчага намойиш этилган эди.
Изоҳ (0)