Қирғизистон ички ишлар вазирлиги республиканинг Тожикистон билан чегарасида юз берган тартибсизликлар ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатди, деб ёзади «ТАСС» вазирликка таяниб.

Фото: Asia-Plus

«Ушбу ҳолат Баткен туман ИИБда рўйхатдан ўтказилган, зарур суриштирув тадбирлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда. ИИВ маълумотларига кўра, Қирғизистон томонидан жами 14 киши, шу жумладан, милиция ходимлари ва чегарачи жароҳат ва шикастланишлар олган.

Муассаса эслатишича, тўқнашувлар бошланганидан кейин дарҳол Баткен вилояти ИИБ шахсий таркиби тревога бўйича сафарбар этилган. Айни пайтда эса қирғиз-тожик давлат чегараси ҳудудида вазият нисбатан барқарор.

Аввалроқ Тожикистон чегарасида юз берган жанжал туфайли 315 нафар қирғиз эвакуация қилингани хабар берилган эди.