Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида тадбиркор дўконини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосарига бензин қуйиб ёқиб юборгани акс этган видео тарқалди.

Унда «снос»га тушган ерда одамлар тўплангани, бульдозер рулида ўтирган шахс бироздан сўнг аланга олиб ёниб кетганини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, воқеа 20 июль куни Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида содир бўлган. Туман ҳокими ўринбосари тадбиркорнинг кредитга қурилган дўконларини бузмоқчи бўлган. Бунга туманнинг Яккабоғ «посёлка»сидан «Дўнг қишлоқ»гача бўлган ҳудуд «Обод қишлоқ» дастури лойиҳасига тушганлиги сабабли, йўл кенгайтирилиши кераклиги сабаб бўлган.

Тадбиркор бунга қаршилик кўрсатган. Чорасиз қолганидан сўнг ҳоким ўринбосари устига бензин қуйиб уни ёқиб юборган. Оқибатда у терининг 30—40 фоиз куйиши жароҳати билан касалхонага етказилган.

Ҳолат юзасидан Яккабоғ прокуратураси томонидан тадбиркорга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.