15 июль куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб мажлисида Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳмедов иш ҳақи, стипендия, пенсия ва нафақаларни индексация қилиш учун давлат бюджети ва Пенсия жамғармасидан 3,474 трлн сўм йўналтирилиши тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар қилади.
Унинг сўзларига кўра, аввалига инфляция даражаси январь июнь ойларида 5,6 фоизни ташкил этганини ҳисобга олиб, ойлик иш ҳақини 7 фоизга кўтариш учун 2,2 трлн сўм ажратиш режалаштирилган эди. Бироқ Президент ташаббуси билан ЭКИҲ 10 фоизга оширилиб, ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 361 млрд сўм ажратишга қарор қилинди.
«Пенсия фондидан ҳам 463 млрд сўм миқдорида қўшимча маблағлар ажратилади. Ойликларнинг оширилиши аҳоли, айниқса бюджет соҳасида меҳнат қилаётган 2,5 млн ходимнинг моддий таъминотини яхшилайди, деб ҳисоблаймиз», — деди Молия вазири ўринбосари.
Шоҳрух Шораҳметов Ўзбекистонда инфляция даражаси бизнеснинг ривожланиши билан боғлиқ эканини таъкидлаб ўтди. «Аҳолида даромадлар ўсади ёки бизнесда кредитлаш ҳисобига янги имкониятлар пайдо бўлади. Кўпроқ импорт маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ҳам истеъмол товарлари, ҳам бизнес учун ускуналар. Бу инфляцияга таъсир қилади», — деди у.
Молия вазири ўринбосари иш ҳақининг ошиши инфляцияни тезлаштиришини тасдиқлади, бироқ ойликларни оширмасдан қолдириб ҳам бўлмаслигини таъкидлади.
«Давлат олдида танлаш имконияти бор. Ойликларни оширмасдан қолдиришимиз имконсиз. 2,5 миллион киши, бу — 2,5 миллион оила демакдир. Уларни боқиш керак. Шунинг учун инфляциянинг ўсиш суръатлари ва ойликларнинг инфляцияга таъсиридан келиб чиққан ҳолда иш ҳақини ошириш учун энг мақбул даражасини ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилмоқдамиз», — деди Шоҳрух Шораҳмедов.
Изоҳ (0)