7—9 июль кунлари Япония вакиллар палатаси депутати, Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирининг парламент ўринбосари Хироюки Накамура раҳбарлигидаги делегация юртимизга ташриф буюради деб хабар беради Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати
Ташриф доирасида 8 июль куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон ва Япония ректорларининг III конференцияси бўлиб ўтади. Учрашувда Япониянинг Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги вакиллари, Нагоя, Миэ, Цукуба, Аити ва Вакаяма каби нуфузли университетлар ректорлари, проректорлари ва факультет деканларидан таркиб топган 45 кишилик япон делегацияси иштирок этади.
Конференцияда олий таълим тизимида архитектура ва қурилиш, муҳандислик, технологиялар ҳамда ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Ташриф доирасида Япония делегацияси Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштиради ҳамда Самарқанд давлат университети жамоаси билан учрашади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Япония ректорларининг I ва II конференциялари 2010 йилда (Японияда) ва 2015 йилда (Ўзбекистонда) ўтказилган.