Фарғонада тошдан қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган Fergana Stone Paper Company Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ташкил этилди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Хусусан, хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тошдан экологик тоза қоғоз ишлаб чиқариш инновацион лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев 25—27 апрель кунлари Хитойда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида иштирок этиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича меморандум имзолаган. Давлат раҳбарининг 6—7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур лойиҳанинг тақдимоти ўтказилган эди.
Бугун «Сайқал» масъулияти чекланган жамияти ва Хитойнинг Henan GX-Mach environmental technology co.LTD компанияси ўртасида 7 миллион долларлик тошдан қоғоз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таъсис шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Келишувга асосан Fergana Stone Paper Company қўшма корхонаси таъсис этилди.
«Бугунги кунда тарихий жараён устида турибмиз. Чунки Фарғона шаҳрида МДҲ мамлакатларида ягона бўлган тошдан қоғоз ишлаб чиқариш саноати ташкил этилмоқда. Лойиҳанинг 3 миллион 593 минг долларига ускуна ва технологиялар олиб келинади ва бир йилда 9 минг тоннадан зиёд тошдан қоғоз ишлаб чиқарилади, — дейди «Сайқал» МЧЖ менежери Темур Акрамов.
Лойиҳа ташаббускори Абдураҳмон Ниёзовнинг айтишича, қоғоз тайёрлаш жараёнида экологияга ҳеч қандай зарар етмайди, балки оддий тош ёки кальцийдан фойдаланилади. Лекин тош қоғознинг сифати целлюлоза қоғозникидан бутунлай фарқ қилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот экологик тоза. Масалан, одатий қоғоз ишлаб чиқариш жараёнида целлюлоза ва катта миқдорда сув керак бўлади. Ана шу сувнинг учдан бир қисми заҳарли моддалар ҳисобланади. Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришда эса сув керак бўлмайди. Бундан ташқари, маҳсулот сувда эримайди, ёзувлар узоқ муддат давомида ўчиб кетмайди. Аллергик касалликларни келтириб чиқармайди. Таннархи ва сифат даражаси оддий қоғозга нисбатан бир неча баробар арзон.
Эслатиб ўтамиз, тошдан қоғоз ишлаб чиқариш индустрияси саноат даражасида фақатгина Хитой ва Тайвань давлатларида йўлга қўйилган. Фарғона вилояти маъмурий марказида Хитой билан имзоланган бугунги шартнома эса улар қаторига Ўзбекистонни ҳам қўшди.
Изоҳ (0)