«Дарё»да ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.
Марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизига оид машмаша тўхтагани йўқ. Гулнора Каримованинг қизи Имон Instagram орқали онасининг халқдан узр сўрагани ва 1,2 миллиард доллар пулини давлатга тақдим қилганини билдирди. Бирдан шоу-бизнес вакиллари воқеага аралашиб, Гулноранинг озод қилинишини сўраб акция бошлади. Уларнинг сафига саноқли блогерлар ҳам қўшилди. Олий суд эса Каримованинг оқланишига оид бирорта расмий мурожаат йўқлигини маълум қилди. Экспертлар Гулнора Каримова «давлатга ўтказдим», деб иддао қилаёган 1,2 миллиард долларнинг тақдири билан қизиқишни бошлади. Бу қизиқиш ортидан Молия вазирлигининг хабарига кўра эса Каримова давлат ҳисобига пул ўтказгани йўқ.
* * *
26 июнь куни Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг жиноий иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди. Қодировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва ЭКИҲнинг 500 баробарида жарима жазоси қўлланди. Кўпчиликда Қодировга тайинланган жазо муддати жуда озлиги бўйича саволлар пайдо бўлди ва Олий суд матбуот хизмати буни маҳкумнинг ёши 60 дан ошгани билан изоҳлади.
* * *
Ўзбекистон мамлакатда қазиб олинган газ учун «Лукойл» олдида 600 миллион доллар қарздор бўлиб қолгани ҳақидаги хабар эсингиздами? «Лукойл» вице-президенти қарз Ўзбекистон бир қисм газни ички бозорга олиб қолгани сабабли вужудга келганини айтганди. Бу ахборот ортидан апрель ойида «Ўзтрансгаз» раҳбари ўринбосари ишдан бўшатилганди. Президент ҳам ўз чиқишида бу ҳолатни танқид қилган эди. 28 июнь куни матбуот анжуманида «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов шу қарз масаласига тўхталиб, у бир йил ичида тўпланмаганини айтди. Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз»нинг барча саъй-ҳаракати ўз қазиб олиш ҳажмини оширишга, келгусида бу газ ички истеъмолчиларга сотилишига йўл қўймасликка қаратилганлигини билдирди. Ажабланарлиси, Баҳодир Сиддиқов 10 кун муқаддам «Ўзбекистон 24» каналига берган интервьюсида «20 соатлик иш режимида ишлашлари ва келаётган қишда ҳар бир хонадонда газ бўлишини» ваъда қилган эди.
* * *
Халқаро пресс-клубда президент маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг чиқиши давлатимизнинг долзарб муаммоларга ёндашувини ўз ичига олгани боис дайжестимизга қўшдик. Султоновга мактабда қачон ҳадислар ўқитилиши ҳақида савол берилганда у бир қанча дарсликларда ҳадислардан мисол келтирилганлигини эслатди. Шу билан бирга, ўтмиш меросини кўр-кўрона қабул қилмасликка чақирди. Ҳар бир мактабда дин дарсини ўтиш тўғри келмаслигини, дин аввало дилимизда бўлишини, ўтмишда оналаримиз беш маҳал намоз ўқиса-да, қора матоларга бурканмаганлигини тилга олди.
* * *
Ҳокимларимиз бироз жимиб кетишса, фуқаролар ташвишланадиган ҳолга етишди, чунки улар ижросидаги «запис»лар эл-юрт орасида тезда тарқалиб кетмоқда. Бу ҳафта Андижон ҳокими йиғилишларнинг бирида соғлиқни сақлаш тизими вакилини қаттиқ ҳақоратлаб, танқид қилгани аудиоси тарқалди. Шуҳратбек Абдураҳмонов «латта», «ифлос», «ит», «ҳезалак» каби сўзларни ишлатган. Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазири номига ҳам ноўрин гаплар айтган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аудиоёзувга муносабат билдирди. Ҳокимлик эса Абдураҳмоновни қуюшқондан чиқишига мажбур қилган воқеа тиббиёт воситаларини сотиш бўйича корхоналар монополияси ўрнатилгани, дея изоҳлади. Гарчи, ҳокимбува тиббиётнинг сифатсиз ҳолатини яхшилаш мақсадида меъёрдан ошган бўлса-да, уни бепарда хитобларини танқид қилганлар кўпчиликни ташкил этади.
* * *
«Улкан бунёдкорлик ишлари» деб тавсифланаётган қурилиш ва бузилишларимиз олис АҚШдаги ЮНЕСКО ҳам акс-садо берди. Самарқанд ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқариладиган объектлар қаторидан жой олиши мумкин. Бунга сабаб Самарқанднинг тарихий қисмида уйлар, меҳмонхона ва бошқа бинолар қурилиши кўҳна иморатларга зиён етказаётганидир. ЮНЕСКО шаҳар бош режасини тузишда ўз тавсияларини ҳисобга олинишини истайди.
* * *
Жиззах аттракционларидан бирида кутилмаган хунук ҳодиса рўй берди. Ичида тўла одамлар билан ҳаракатланаётган болғасимон ҳайинчак қоқ иккига бўлиниб, ерга қулаб тушди. Натижада 20 ёшли бир қиз ҳалок бўлди. Бу ҳолат ва одамлар ерда йиқилиб ётган кажавадагиларга ёрдам кўрсатаётгани тасвирланган видеолар тезда интернетда тарқалди. Фожиа юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.
Изоҳ (0)