2019 йил 1 июль кунидан Ўзбекистон Республикаси ФВВ томонидан эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш диспетчерлик хизмати фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилади.
Мазкур хизмат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 мартдаги «Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилди. Янги ташкил этилган хизматга профессионал сурдотаржимонлар ишга қабул қилинди. Агарда эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар кўнгилсиз ҳолат ёки қийин вазиятга тушиб қолиб, ёрдамга муҳтож бўлсалар Фавқулодда вазиятлар вазирлигида барча зарурий алоқа воситалари билан жиҳозланган диспетчерлик хизматига мурожаат қилишлари мумкин.
Диспетчерлик хизматининг асосий вазифаси этиб, эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар, шунингдек, уларнинг вакиллари томонидан техник воситалар (видео қўнғироқлар, матнли хабарлар, махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда қўнғироқлар ва бошқалар) орқали бўладиган мурожаатларга шошилинч тезкор хизматларнинг (101, 102, 103, 104, 1050) кеча-ю кундуз жавоб беришларини мувофиқлаштирган ҳолда таъминлаш белгиланган.
Видеоалоқага чиқиш: JusTalk (+998) 93 – 501-50-54 (+998) 93 – 501-50-58 Telegram орқали алоқага чиқиш: (+998) 93 – 501-50-54 (+998) 93 – 501-50-58Телефон рақами: (+998) 71 – 212-66-00Электрон почта манзили: ds@fvv.uz
Изоҳ (0)