Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Туркияда ўқишнинг афзалликлари нимада? Хорижлик талабалар учун қандай имкониятлар бор? Талаба ҳам ўқиб, ҳам ишлаши мумкинми? Бу ҳақида ҳозирда Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик Шерзод Давлатов «Дарё»га ҳикоя қилиб берди.

Шерзод Давлатов Сурхондарё вилояти Ангор туманида туғилган. Ҳозир у 24 ёшда. Айни пайтда Туркиядаги Карабук давлат университетининг Туризм ва меҳмонхона хизматлари йўналишида таҳсил оляпти.

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Хорижда ўқиш орзум бўлмаган

Олдиндан чет элда ўқиш ниятим бўлмаган. Ўзбекистонда бир неча бор тиббиёт институтига ҳужжатларимни топширганман. Афсуски, қанча ҳаракат қилсам ҳам уринишларим бесамар кетаверган. Кейин яна бир йил тайёргарлик кўриб, қайта имтиҳон топширишга эса ҳафсалам қолмаганди. Аксарият танишларим менга чет элда ўқишни тавсия қилишарди. Лекин қачонки хориж ҳақида ўйласам, кўзимга жарағ-жарағ пул кўринарди. Чет элда ўқиш учун жуда катта пул керак деб ўйлардим. Лекин Туркияга келиб билдимки, бу ерда худди Ўзбекистондагидай, ёки ундан ҳам кам пул сарфлаб, ўқиш мумкин экан.

Хуллас, Худога таваккал қилиб Туркияга келдим. Аэропортдан чиққанимда, Истанбулнинг гўё ари уясидек тирбандлигини айтмаганда, қолганларига кўникишим қийин бўлмади.

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Туркия ҳақида гапирилганда одамни ҳаёлига биринчи Истанбул келади. Лекин шуни унутмангки, Истанбул – бу ҳақиқий Туркия эмас. Агар мамлакатнинг асл маданиятини, яшаш тарзини кўрмоқчи бўлсангиз, кичик шаҳарларини кезишни тавсия қиламан. Бир бор келиб кўришга арзигулик жой. Айниқса,  бир «бардак» турк чойи билан «смит» (турк миллий ширинлиги) олиб, денгиз ёнида нонушта қилишни гашти умуман бошқача.

Туркияда интернет яхши йўлга қўйилган

Туркияда ўқияпсизми, демак чўнтагингизда камида 5 та пластик карта сиғадиган ҳамёнингиз бўлиши керак. Чунки доим ёнингизда автобус учун карта, университет турникетидан ўтиш картаси, шахсий банк картаси, спорт заллар турникетидан ўтиш карталари, «кимлик» (сиз ҳақингизда маълумотлар турадиган) картаси ва бошқа турдаги карточкаларни олиб юришингиз шарт.

Туркия интернет яхши йўлга қўйилган давлатлар сирасига киради. Сиз ҳақингиздаги деярли барча маълумотлар интернетга киритилади. Менга энг ёққан тарафи — баъзи жойларда ҳужжат расмийлаштириш керак бўлганда, мободо «кимлик» (сиз ҳақингизда маълумотлар турадиган) картангиз уйда қолган бўлса ҳам унинг телефондаги расмини кўрсатиб ишингизни битириб кетишингиз мумкин.

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

 Турклар жуда ишонувчан халқ

Турклар жуда меҳрибон ва ишонувчан халқ. Кредит картангиз ёки автобус картангиз уйда қолиб кетса ҳам кўчада қолмаслигингиз аниқ. Бу ҳолат кўп бошимдан ўтган. Қардош халқ бўлганимиз учун ҳаёт тарзимизда деярли фарқ йўқ. Таомларининг пиширилиш тартибини айтмаганда, мазаси ўша-ўша. Менга ёқадиган тарафи, турклар ўзбекларни жуда ҳурмат қилади.

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Туркия таълим тизими ҳақида

Туркиядаги таълим тизими ҳақида узоқ гапириш мумкин. Туркларнинг ўқитиш услуби бизникидан анча фарқ қилади. Масалан, давлатда 200 дан ошиқ университети бўлса деярли барчаси мустақил. Қанча квота ажратишилиши, грантлар ва шунга ўхшаш барча нормативларни университетнинг ўзи белгилайди. Ҳамда ўқув даргоҳлари халқаро талабларга тўлақонли жавоб бера олади.

Мени энг ҳайратлантиргани битта олийгоҳда 50–80 мингга яқин талаба таҳсил олади. Яъни хорижлик талабаларни қабул қилиш имконияти максимал даражада. Шу боисдан ҳам ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб ёшлар келиб бу ерда таҳсил олади. Мисол учун мен ўқиётган Карабук университетида 60 мингга яқин талаба ўқийди. Шуларнинг 8 мингга яқини чет элликлар. Албатта, бунча хорижлик талабани бир университетда ўқитиш ҳазил гап эмас. Менимча, ҳар бир талабани эрки ва эътиқодини ҳурмат қилган ҳолда таълим бериш, муносабатда бўлиш уларнинг энг катта ютуғи. Бундан ташқари талабалар учун университетда деярли тўсиқ ва чекловлар дейиш мумкин.

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Хорижлик талабалар учун қандай имкониятлар бор?

Туркияда ўқишнинг энг омадли йўли бу «Туркия Бурслари» орқали ўқиш. Шунга ўхшаш грантлардан «Мавлоно талаба алмашинув дастури» ҳам бор. Бу икки грантда деярли барча харажатлар давлат тарафидан қопланади. Бундан ташқари «Вақф  фондлари» бор. Агар талаба яхши ўқиб ўзини кўрсата олса, фондлар ойлик стипендиялар ҳам белгилайди.

Туркияда ўқиш харажатлари

Стипендия берилмагани учун контрактлар бошқа давлатларга нисбатан анча арзон. Ўртача йўналишларга контракт 400 доллардан 1000 долларгача. Аммо тиббиёт соҳасида ўқиш бироз қимматроқ. Масалан йилига 1000–2000 доллар атрофида шартнома пулини тўлайсиз. Агар дарслардан орттириб вақт ва куч тополсангиз ишлашингиз ҳам мумкин. Инглиз тилини билсангиз яхши ишларга жойлаша оласиз. Қийинчиликларга сабр қилсангиз ойига 800-2000 лирагача тахминан 1–3.5 млн сўм атрофида пул топишингиз мумкин. Ўзим ҳам ҳозирда Истанбулдаги оилавий ресторанда ишлаяпман. Соҳам бўлгани учун ҳам тажрибам ошяпти, ҳам қўшимча даромад қиляпман.

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Талабаларнинг ҳаёти

Туркияда талабалар учун ётоқхона масаласи муаммо эмас. Сиз хусусий ва давлат ётоқхоналарида яшашингиз мумкин. Хусусий ётоқхона ейиш-ичиш билан ойига 100-120 доллар бўлса, давлат ётоқхоналарида эса ойига 40-50 доллар атрофида пул тўлайсиз. Бу ижара уйидан икки карра арзон дегани. Шу боис аксарият талабалар давлат ётоқхоналарида яшайди. Муҳит ҳам яхши. Муҳими одамни тартибга ўргатади. Ўзим ҳам давлат ётоқхонасида тураман. Шароитидан нолийдиган жойини тополмадим.

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Туркиядаги ҳозирги фаолиятим ҳақида

Ҳозирги пайтда Карабук университетининг «Туризм ва меҳмонхона хизматлари» йўналишида ўқияпман. Туркияга мослашишимда Карабук университетидаги ўзбекистонлик устозларим филология фанлар доктори Нодирхон Хасан, филология фанлари номзоди Саидбек Болтабоев, техника фанлари номзоди, доцент Зиёдулла Юсуповларнинг ҳиссалари катта бўлган. Ҳафтада бир марта бўлса ҳам уларнинг олдига бориб, суҳбатини оламан. Уларнинг маслаҳатлари билан янги келган пайтимда деярли қийналмадим.

Туркияда 83 та вилоят бор. Ҳар бир вилоятда туризм муҳити ҳам фарқли. Соҳам туризм бўлгани учун охирги икки йилда Туркиянинг ҳеч бўлмаганда ярим вилоятини кезиб чиқишни ният қилганман. Ҳозирча 8 вилоятини кўриш насиб қилди.

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Фото: Instagram/@sherzod_davlyatov

Туркияга ўқишга бормоқчи бўлганлар учун тавсиялар

Туркияга боришдан олдин инглиз тили ёки араб тилини мукаммал ўрганинг. Чунки бу ерда ҳозир икки тилни биладиганлар жуда керак. Бу тиллар билан ўқишингиз ҳам, ишингиз ҳам осон кечади.

Лекин шуни эсдан чиқарманг. Тўғри, Туркияда контракт арзон, талабалар учун барча имкониятлар бор, лекин талаб ҳам шунга яраша. Яъни бакалаврда ўқиш осон кечмайди. Берилган эркинликларга яраша дарслар ҳам ўз ўрнида талаб қилинади. Бу ерда «Домла, амаким салом айтди», «Домла, палончи жойда янги ресторан очилибди» каби мулозаматлар ўтмайди. Агар ўқисангиз, албатта, баҳонгизни оласиз, ё бўлмаса курсдан курсга қолиб кетаверасиз.

Маслаҳатим интернетни максимал даражада ўрганинг. Бу ерда баъзида ейдиган нонингиз ҳам интернетга боғлиқ бўлиб қолади. Мессенжерларда ёзишиш этикасини ўзлаштиринг.

«Олтин этикет» китобини ўқиб чиқинг. Чунки ундаги тавсиялар Туркияда сизга жуда асқотади.

Университет танлаётганда обрўлисини танлашингиз шарт эмас. Боиси, олийгоҳ нуфузи сизни ҳеч қанақа келажагингизни белгиламайди. Ҳаммаси ўзингизга, қиладиган ҳаракатингизга боғлиқ. Излансангиз, чин кўнгилдан ҳаракат қилсангизгина ютуққа эриша оласиз.

Туркияга келган заҳоти катта шаҳарларда ўқишга ёки ишлашга интилманг. Кичикроқ шаҳар танланг. У ерда яшаш давомида маданияти ва тилини ўрганганингиздан кейин мегаполис шаҳарларида юришда қийналмайсиз. Уларнинг тилидаги иборалар, жест (имо-ишора)ларини мукаммал ўрганиб олсангиз мулоқот қилишингиз осон кечади. Ишингиз тез битади. Улар ҳам сизга ҳурмат кўрсатади. Шунда стрессларсиз, ўзингизни бегонадек ҳис қилмай яшайсиз.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда яшил энергетика даври бошланганига уч йил бўлди. Нималар ўзгарди?
Маҳаллий
Фоторепортаж: Президент ташрифига тайёргарлик кўраётган Наманган
Спорт
Лионель Месси Криштиану Роналдунинг рекордини янгилади