«Дарё»да ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.
Бир ҳафта муқаддам Марғилондаги TRZ деб аталувчи бозорда кучли ёнғин чиқди. Прокуратуранинг айтишича, электрдан чиққан аланга 1575 квадрат метр майдонни куйдирган. Мингга яқин тадбиркорнинг тирикчилиги куйиб кулга айланган. Жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Telegram’даги «Фарғоналиклар» канали қизиқ фикрни ўртага ташлади. У ерда ёзилишича, савдогарлар кўчишни рад қилган бозор ёниб кетади.
«Бозорлар Марғилонда жуда кўп ёнади, хусусан, комбинат бозори уч марта, ЦУМ икки марта ёнган. Ҳамма ёнғинлар кўчиш кераклиги ҳақидаги миш-мишлардан сўнг пайдо бўлади. Буларнинг бари шунчаки тасодифми?», деб ёзилади каналда.
* * *
Муайян мактабларга қабул бепул ва пулли квота асосида ташкил этиладиган бўлди. Бу нима дегани? Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар асосий квота асосида бепул қабул қилинади. Умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар эса тегишли суммани тўлаб қўйиши талаб этилади.
Бироқ хабар тарқалиши биланоқ кескин танқидлар остида қолиб кетди. Кўпчилик умумий таълим бепуллиги бош қонунда кафолатланганлигини далил қилмоқда ва янги тартиб аҳолини кескин табақалаб ташлашидан хавотир билдирмоқда. Таълим вазири Шерзод Шерматов эса янги тартиб мактабга бола қабул қилинишидаги коррупцияга барҳам беради деб ҳисоблайди.
* * *
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов истеъфога чиқди. Аҳмаджонов шу йилнинг 15 май куни Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлигини ҳам тарк этганди. Унинг бўшаб қолган ўрнини ФИФА рефериси, дунё миқёсидаги машҳур ҳакам Равшан Эрматов эгаллайди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Очилбой Раматов саналади. Бироқ Раматов ҳукуматда иш юритиши сабабли ўзбек футболига биринчи вице-президент жавобгар ҳисобланади.
* * *
10 июнь куни Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиев журналистлар билан мулоқотда айтган гапи баҳс эшигини очиб берди. У «Тошкент шаҳрига пропискага ўтволиш, қўпол қилиб айтганда, ‘лазейка’ бўлиб қолди», деди. У суд қарори орқали кўпчилик Тошкент пропискага ўтаётганидан ёзғирди. «Лазейка» сўзи «ножўя ҳаракатга йўл очиб берадиган имкон», «яширинча ўтиладиган туйнук» каби маъноларни беради.
Олий суд интервьюга муносабат билдирар экан, ИИВ мутасаддисининг суд қарори ҳақидаги фикрига эътироз қилиб, «фуқарони Тошкент шаҳрига суд қарорига асосан прописка қилиш ҳақида бирорта қоида мавжуд эмас ва судлар буни яхши билишади», деди. Олий суд ИИВ мутасаддисини ноўрин гапи учун узр сўрашга чақирди.
* * *
Барчанинг диққат марказида бўлган воқеалардан бири, шубҳасиз, Instagram блогери Азиз Ашурбоевнинг телефони ноқонуний олиб қўйилиши ва блогерларнинг солиққа тортилиши ҳақидаги таклиф бўлди. Ашурбоевнинг телефонини солиқчилар олиб қўйганини даставвал Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги директори Комил Алламжонов қоралади. Кейинроқ ДСҚ раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев телефони олиб қўйилган блогердан шахсан узр сўради.
14 июнь куни Халқаро блогерлар куни муносабати билан Бош прокуратура Ўзбекистон блогерларини табриклади ва доимо қўллаб-қувватлаши ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканини маълум қилди.
* * *
Бу ҳафта Шавкат Мирзиёев қўшни давлатларга сафар қилди. 13 июнь куни Ўзбекистон президенти Қирғизистонга борди ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бишкек саммитида қатнашди. Шундан сўнг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида иштирок этиш учун Бишкекдан Душанбега учди. Саммитлар доирасида қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан самарали музокаралар ўтказди.
* * *
Human Rights Watch тадқиқотчиси Стив Свердлов Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларининг бузилганлик даражасини ўрганиш учун келганида «Sayyod.com» кўнгилочар сайти муаллифи, видеоблогер Сардор Комиловнинг қўпол таҳдидига нишон бўлди. Видеоблогер ва унинг тўрт шериги Стив Свердлов яшайдиган меҳмонхонага бориб, ўзини ёрдамга муҳтож қурбондек кўрсатган ва Свердлов пастга тушганда уни ўраб олиб, ҳаракатланишига қўймасдан турли хатти-ҳаракатлар қилиб, ортиқча саволлар берган. Жумладан, «терпилалик қилманг», «титрашизи қарасайизчи», «нега фамилиянгиз русча?», «сизга ким пул тўлайди?» каби ёқимсиз саволлар билан кўмилган Стив Свердлов «суҳбат»да ўзини муносиб тутган, аммо Human Rights Watch бу хатти-ҳаракатни жирканч ҳужум деб атаган. Асосан шоу-бизнесни ёритувчи видеоблогер Сардор Комиловнинг видеоси тагида уни қўллаб-қувватлаганлар кўп. Аммо бир қанча ўзбек блогерлари Комиловнинг ўзини тутишини қоралаб муносабат билдирди (1, 2).
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.
Изоҳ (0)