Хоразм вилояти Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Урганч шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирининг базасида «Хоразм вилояти ички ишлар органлари ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари» ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ходими подполковник З.Исмоилов «Дарё»га хабар берди.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги 5408-сонли «Жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойишига асосан ҳудудларда ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларини ташкил этиш белгиланган эди.
Бу борада Мазкур курсда асосий эътибор ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-ватанпарварлигини янада ошириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал этишда Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари ҳамда Миллий гвардиянинг ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг узвий ҳамкорлигини ташкил этиш, уларда жамоавийлик, уюшқоқлик ҳамда вазифаларни бажаришда даҳлдорлик туйғуларини шакллантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилади.
Тўлиқ реконструксия қилинган бинода ходимларни масофадан ўқитиш, ахборот-кутубхона хизматидан фойдаланишлари, жисмоний ва маънавий тайёргарликларини юксалтиришлари ва албатта белгиланган тартибда дам олишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
Ушбу ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларининг алоҳида таҳсинга сазаворлиги шундаки, ўқув курсларида ўқиётган ходимлар куннинг биринчи ярмида назарий ва амалий ўқув машғулотларига, куннинг иккинчи қисмида – маҳаллаларда ва оммавий жамоат жойларида жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш мақсадида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари билан биргаликда қўшма патруллик гуруҳларида вазифаларни бажаришга жалб этилади.
Ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари очилишига бағишланган тантанали тадбирда Хоразм вилояти ҳокими, вилоят ИИБ бошлиғи, вилоят прокурори, шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондони ва бир гуруҳ Ички ишлар органлари фахрийлари иштирок этди. Тадбир меҳмонлари ўқув-курслари биносида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Изоҳ (0)