Паст Дарғомда 18 ёшгача бўлган болаларнинг 123 нафари туғма юрак нуқсонидан азият чекишмоқда. Бу ҳақда ZarNews хабар берди.
Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари А.Ўтаев болаларга даволаниши учун тегишли муассасаларга ордер беришини айтган. Унинг сўзларига кўра, туғма юрак нуқсонли болалар тўлиқ кардиолог врачлар кўригидан ўтказилган. 2020 йил охиригача операция қилинувчилар навбатига ҳам киритилган. Бемор болаларнинг 23 нафари Тошкентда операция қилинган. 1 нафари Россияда, 3 нафарининг ота-онаси Ҳиндистонда даволатиб қайтди.
Мутахассислар ташхисларига асосланиб, 2008—2018 йилларда туғилган 47 нафар болани зудлик билан операция қилиш орқали соғлом ҳаётга қайтариш мумкинлигини туман ҳокими Шунқор Худайбердиевга хабар қилинган. Ҳар бир операцияга 23 турдаги дори-дармонлар учун 14 миллион сўмлик харажат талаб қилиниши ҳам назарга олинди. Туман ҳокими маблағни ҳокимлик зиммасига олишини айтган.
Лолазор маҳалласида яшовчи 8 ёшли Шерзод Сайфуллаев ана шу ташаббус билан бошланган муолажада вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси юрак хирургия бўлими очилишига сабаб бўлган малакали шифокор Мақсуд Саидовнинг биринчи бемори бўлди. Аммо онасининг сўзларига кўра, Тошкентдаги тиббий кўрикда шифокорлар 2 босқичда операция қилинишини, лекин яшаб кетишга кафолат йўқлигини айтган. Бунинг устига жарроҳлик амалиётига оиланинг қурби етмас эди. Туман ҳокимлигига мурожаатдан сўнг, Самарқандда шу дард билан туғилган болаларни даволаш муассасаси очилгани маълум бўлган.
Ҳокимлик қиймати 2 миллиард сўмлик операция учун муҳим «Аксегенатор» тиббиёт асбобини олишга маблағ ажратди. Шарт-шароитлар яратилди. Шу сабаб Самарқандда ҳам мураккаб бу амалиётни муваффақиятли амалга ошириш имкони туғилди.
Ҳозиргача бу ерда 170 нафардан ортиқ болалар даволанди. Шу кеча кундузда ҳар куни биттадан жарроҳлик амалиёти ўтказилмоқда. Ҳеч бир муассасада 5 килограмм вазндаги бола мураккаб бундай операция столига ётқизилмайди. Самарқандда бу жарроҳлик амалиёти ҳам муваффақиятли ўтди.
Шифокорнинг айтишича, туғма юрак нуқсонли беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши учун 23 турдаги дори-дармонлар зарур бўлади. Бу камида 14 миллион сўм дегани. Паст Дарғом туман ҳокими биринчи бўлиб бу харажатларни тўлаш ташаббуси билан чиққани аҳоли томонидан илиқ кутиб олинди.
Изоҳ (0)