Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тарих институти, Самарқанд давлат университети ҳамда Марказий ҳарбий округи бу борада эзгу ишга қўл урди. 1576—1656 йилларда яшаб, Самарқандда улкан ободончилик ишларини амалга оширган, Регистон майдонидаги Шердор ҳамда Тиллақори мадрасаларини қурдирган ҳукмдорлардан бири Баҳодир Ялангтўш ҳаёти, фаолияти, шахсияти, тарихда тутган ўрни ҳақида кенг жамоатчиликка етказиш учун халқаро конференция ташкил этмоқда, деб хабар қилади Zarnews.
Шу йилнинг 20 июнь куни ушбу ташкилотчи идоралар ҳамкорлигида Самарқанд давлат университетида «Баҳодир Ялангтўшнинг Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида 2019 йилда халқаро ва республика миқёсида ўтказиладиган илмий анжуманлар тўғрисида»ги 133-Ф-сонли фармойиши асосида ташкил этиладиган анжуманда Баҳодир Ялангтўшнинг Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрни, унинг ҳукмдорлик даврида Самарқандда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, ХVII-XVIII асрларда Самарқанддаги ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёт мавзулари дунё тарихчи ва мутахассислари томонидан тарихий манбалар асосида талқин этилади.
Изоҳ (0)