Бир муддат илгари журналист Эльдар Асановнинг шахсий ахборот хавфсизлиги, шунингдек, экстремистик контентдан узоқ юриш масаласига бағишланган мақоласи эълон қилинган эди. Ушбу мақолада ахборот хавфсизлиги билан давлатнинг тегишли идораларидан ташқари, ҳар бир кишининг ўзи ҳам шуғулланиши лозимлиги таъкидланган эди. Навбатдаги мақолада муаллиф ушбу жараёнда иштирок этадиган яна бир актор — жамоатчилик ва нодавлат ташкилотларига тўхталиб ўтади.
Бутун дунёда, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларида ҳам давлатнинг тегишли тузилмалари ахборот хавфсизлиги масалаларига, онлайн экстремистик фаолиятга қарши курашга йил сайин кўпроқ эътибор қаратмоқда. Албатта, таҳдидлар ҳам ўсиб бормоқда. Аммо бу жараёнда давлат идоралари ёрдамга муҳтож. Аҳоли билан алоқада бўлиш, одамларга ахборот хавфсизлигини, бу билан боғлиқ муаммоларни содда тилда тушунтириш осон эмас.
Биринчидан, экстремистик фаолиятга қарши кураш олиб борадиган, ахборот хавфсизлиги учун жавоб берадиган давлат амалдорлари доим ҳам аҳоли билан яқиндан алоқа қилиш тажрибасига эга бўлавермайди. Тарихан шакллангиб қолган одатларга кўра, шунингдек, ахборотнинг нозиклиги боис улар ўз фаолияти ҳақида тўлиқ маълумотларни доим ҳам ошкор қила олмайди, бу эса очиқ мулоқотга зарар келтириши мумкин.
Иккинчидан, жамоатчилик орасида маълум даражада давлат идораларига нисбатан ишончсизлик борлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунинг сабаби ҳар хил бўлиши мумкин, лекин ишончсизлик, давлат идоралари вакиллари билан масофа сақлашга уриниш каби ҳолатлар, жуда кенг тарқалмаган бўлса-да, учраб туради.
Аҳоли билан ишлаш, аҳоли орасида ахборот хавфсизлиги маданиятини ёйишдаги шу каби муаммоларни ҳал этиш учун охирги пайтларда турли давлатларда нодавлат тожират ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакиллари ёрдамига мурожаат этилмоқда. Нодавлат ножирота ташкилотлар (ННТ) учун аҳоли билан ишлаш ҳар кунлик фаолият бир тури, улар аҳолига таъсир ўтказиш, кенг оммага маълум фикр ва ғояларни ёйиш билан шуғулланади. Жамоатчилик вакиллари эса том маънода халқ вакиллари бўлиб, аҳоли уларга катта ишонч билан қарайди.
Шуларни инобатга олганда, ННТ ва жамоат фаоллари билан ҳамкорликда экстремистик фаолиятга қарши курашиш ишлари қўшни мамлакатларда йўлга қўйилмоқда. Келинг, аввал, улардаги вазиятга қизиқиб кўрамиз.
Қирғизистон, Қозоғистон
Қозоғистонда энг диққатга сазовор лойиҳалардан бири “Factcheck.kz”дир. Ушбу ресурснинг асосий моҳияти қозоқча ва русча интернетда тарқалаётган сохта маълумотларни топиб, уларни фош этиш экан. Масалан, «Казинформ» ахборот агентлиги тарқатган бир маълумотга кўра, Қозоғистон таълим сифати бўйича жаҳонда 9-ўринни эгаллар экан. Ресурс экспертлари фактчекинг ўтказиб (фактларни текшириб), маълумот ҳақиқатдан йироқ эканлигини исботлаб берди. Бу мақтаниш мақсадида тарқатилган ёлғон маълумот бўлиб чиқди.
Қозоғистонда, бундан ташқари, ижтимоий тармоқларга урғу берилмоқда. Хусусан, Facebook’да йўлга қўйилган «Ўз ҳикоям» лойиҳаси доирасида экстремистик фаолият билан тўқнашган (қурбон бўлган ёки алданган) фуқароларнинг ҳикоялари тақдим этиб борилади. Бундай ҳикоялар бевосита гувоҳнинг тилидан ҳикоя қилингани боис улар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида жуда катта шуҳратга эга.
Қирғизистонда экстремизмга қарши кураш, ахборот хавфсизлиги ва фактчекинг масалалари билан шуғулланувчи каттакон экспертлар жамоаси шаклланган. Улар ўз фаолиятларини асосан турли даражадаги тадбирлар орқали намоён этиб боради, шунингдек, интернетда мақолалар ва видеоконтент жойлаштириб боради. Қирғизистонда давлат идоралари, хусусан, ички ишлар вазирлиги бу экспертларга ҳамда уларнинг ташкилотларига бевосита ёрдам беради, масалан, давлат идоралари қўлида мавжуд бўлган маълумотларни тақдим этади.
Бу борада Internews Network халқаро ташкилотининг ташаббуслари диққатга сазовор. Минтақа миқёсида ташкил этилаётган тадбирларда барча республикалардан журналистлар, давлат идоралари вакиллари, экспертлар ва фаоллар қатнашяпти. Шундай тадбирлардан иккитаси Бишкекда ташкил этилган эди. Уларда Ўзбекистон вакиллари қатнашди. 22–24 март кунлари навбат Тошкентга келди. Биринчи марта Тошкентда қўшни республикалар делегациялари иштирокида ахборот хавфсизлиги, онлайн тарзда экстремистик ғоялар ҳамда сохта ахборот тарқалишига қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди. Бу яхши бошланма бўлди дейиш мумкин.
Ғарбда қандай?
Ҳозир ўзим бўлиб турган АҚШ тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсам, бу ерда Think Tank — «ақлий марказлар» номли ташкилотлар фаолияти жуда кенг йўлга қўйилган. АҚШ давлатчилик тажрибасига мувофиқ, давлат агентликлари (идоралари) асосан техник ва регуляторлик (бошқарув) ишларини бажаради, шунингдек, аҳолига хизматлар кўрсатади. Ақлий фаолият учун жавобгарлик эса мана шу «ақлий марказлар» зиммасида.
Айтайлик, бирор давлат идораси ўз соҳаси бўйича таҳлилий маълумотга, янги ахборотга, мутахассисларнинг хулосаларига муҳтож бўлса, у тегишли йўналишдаги «ақлий марказ»га мурожаат қилади. Марказ вакиллари қандай йўллар билан ахборот тўплаб бера олиши, уни таҳлил қилиб, хулосалар чиқариб бера олишини тушунтиради. Талаб қилинадиган ишлар ҳажмига қараб шартнома тузилади ва марказга пул ўтказилади. Шартнома доирасида марказ экспертларни тўплаб, тадбирлар ўтказади, тадбирда айтиладиган янги маълумотлар ва хулосалардан фойдаланиш учун. Сўнг марказ экспертлари тўпланган маълумотларни интернет ва бошқа манбалардан тўпланган ахборот билан қўшиб, база яратади. Бу маълумотлар базаси илмий методлар ёрдамида таҳлил қилиниб, хулосалар олинади. Фаолият якунига кўра ҳужжатлар ва ҳисоботлар тайёрланади.
Кўриниб турибдики, мазкур жараён АҚШда жуда яхши йўлга қўйилган ва бунга керакли миқдорда пул ажратилади. «Ақлий марказлар» фаолияти йил сайин кенгайиб, ННТлар сони кўпайиб бормоқда. Мендаги маълумотларга қараганда, фақатгина пойтахт Вашингтоннинг ўзида 400 дан ортиқ мана шундай марказ мавжуд.
Ўзбекистонда нима гаплар?
Ўзбекистонда жамоатчилик фаоллари бу мавзуга катта қизиқиш кўрсатаётганига ҳам, ижтимоий тармоқларда «Менинг ҳикоям» сингари лойиҳалар олиб борилганини ҳам, афсуски, кузатмадим. Бу борада жамоатчилик иштирок этган ягона оммавий тадбир юқорида тилга олинган симпозиум бўлди.
Аммо кенг омма эътиборидан четда қолган қандайдир ташаббуслар, тадбирлар ва лойиҳалар бордир деган хаёлда таниқли эксперт ва сиёсацҳунос Фарҳод Толиповга мурожаат қилдим. Хусусан, Ўзбекистонда қандай ННТлар бевосита экстремизмга қарши кураш ишига алоқадорлигига қизиқиб кўрдим.
– Қирғизистонда ва Қозоғистонда террорчилик ва экстремизмга қарши курашиш ишига ННТлар жалб қилиняпти охирги йилларда. Улар ўтказаётган тадбирларда қатнашяпмиз — жуда кенг миқёс. Бевосита давлат идораларида ишламайдиган мутахассислар ҳам кўпайиб қолган. Шунга ўхшаган ишлар Ўзбекистонда ҳам бўляптими? Соҳа бўйича маҳаллий экспертлар пайдо бўлдими?
– Ҳа, бундай ишлар бизда ҳам бўляпти. Хусусан, бизнинг «Билим карвони» илмий муассасамиз ёки Минтақавий таҳдидларни ўрганувчи марказ каби ННТлар шулар қатордан. Экспертлар ҳам бор. Албатта, қўшни давлатларга қараганда бундай тадбирларнинг кўлами бироз торроқ бўлса керак, чунки бундай ННТларнинг сони кам ва уларнинг фаолияти бизда энди аста секин ташкил этилмоқда.
– ННТлар ва мустақил экспертлар, тадқиқотчиларнинг бу борадаги иши давлатнинг компетент идоралари томонидан қандай баҳоланади? Улар ҳамкорлик қиладими, мустақил экспертлар ва ННТларни ҳам жалб қилиб турадими ёки бу ишларни тегишли органлар жиддий қабул қилмаяптими?
– Юқорида айтганимдек, мазкур соҳада изланишлар ва умуман фаолият ННТлар даражасида яқин ўтмишгача суст бўлгани туфайли давлатнинг компетент идоралари билан ҳамкорлик ҳам ҳали яхши йўлга қўйилган деб бўлмайди. Бу долзарб масала. Биринчидан, ННТлар фуқаролик жамиятининг бир қисми бўлгани туфайли, ушбу масала айнан анча заиф бўлган фуқаролик жамиятини фаоллаштириш билан боғлиқ. Иккинчидан эса, уларнинг хизматларига бўлган талаб ҳам ҳали кучли эмас.
– Умуман, экстремизмга қарши кураш ишига ННТлар қўшилишини қай даражада керакли ва фойдали деб ўйлайсиз? Улар мазкур йўналишда реал фойда келтира оладими? Халқ ва давлат органлари орасида воситачи бўлиб бера оладими?
– Бу соҳада ННТларнинг роли катта бўлиши мумкин. Ҳар бир соҳада ННТлар қанчалик халқ ва давлат органлари орасида воситачи бўлиб хизмат қилса, шунчалик мазкур соҳада ҳам улар шу ролни ўйнаши мумкин. Боз устига, экстремизмга қарши кураш кўп жиҳатдан профилактик ишларни, тарғибот, тарбия, таълим йўналишлада тегишли чора-тадбиларни тақозо этади. Бу вазифанинг самараси эса, ўз навбатида, кенг кўламда жамоатчиликли тегишли йўналишларда сафарбар қилишга боғлиқ, чунки давлатнинг расмий чоралари ва формал сиёсати етарли бўлмайди. Хусусан, бу соҳада таҳлилий ишлар ҳам талаб қилинади, чунки экстремизм муаммосининг келиб чиқиши, табиати, кўлами, таҳдиди ва бартараф этиш йўллари чуқур ўрганилиши зарур. Таҳлил эса фақат давлат идоралари ва институтлари доираси билан чекланмайди ва дунёда «ақлий марказлар» деб аталмиш таҳлилий ННТларнинг ҳиссаси беқиёс бўлади.
Келажакда нима бўлади?
Ўзбекистонда жараён, секинлик билан бўлса-да, бормоқда. Ҳозирча қўшни Қирғизистон ёки Қозоғистоннинг тажрибасини ўрганишимизнинг ўзи ҳам, ўйлашимча, жиддий ютуқ бўлар эди.
Биз суҳбатлашган экспертларнинг барчаси соҳада ўсиш борлигини таъкидлади. Умид қиламанки, келажакда фактларни текшириш, таҳлилий тафаккур, экстрим ғоялардан узоқроқ юриш каби мавзуларни яхши тушунадиган мутахассислар гуруҳи шаклланади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)