Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, Instagram тармоғида номаълум шахсларнинг Тюмен шаҳрида гўёки фожиали ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароси жасадини ватанга жўнатиш учун маблағ йиғишда (ҳисоб рақами кўрсатилган) ёрдам бериш сўралган видеомурожаати тарқатилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар берди.
Россия ИИВнинг Тюмен вилоятидаги Бошқармаси берган хабарига кўра, 2019 йилнинг 1 май кунидан бошлаб олинган тезкор маълумотларда Ўзбекистон фуқаросининг вафот этгани/ҳалок бўлгани тўғрисида ахборот йўқ.
Шу муносабат билан Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Урал федерал округи (Курган вилояти, Свердловск вилояти, Тюмен вилояти, Челябинск вилояти, Ханти-Мансийск автоном округи - Югра, Ямал-Ненецк автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +7-343-272-31-66, +7-343-272-31-33, +7-965-519-42-22 (WhatsApp ва Telegram).
Шунингдек ТИВ Ўзбекистон фуқароси бўлган яқин қариндошингиз ёки танишингиз чет элда ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида маълумотга эга бўлсангиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки унинг Россия Федерациясидаги Ваколатхонасига мурожаат қилишингизни тавсия қилади.
Маълумот учун:
Россия Федерациясидаги манзил: Москва шаҳри, 1-Казачий тор кўчаси, 11/2. Мурожаат учун телефон рақами: +7-903-507-76-67.
Ўзбекистон Республикасида манзил: Тошкент шаҳри, Қамарнисо кўчаси, 1-уй. Мурожаат учун телефон рақами: +998-71-202-33-55 (ички рақам: 16, 17). Telegram канали: @migration_uz.
Изоҳ (0)