Фарғона шаҳрида Зиёвуддин Хазиний уй-музейи иш бошлади. Бу ҳақда музей ходимлари «Дарё»га хабар берди.

Фото: «Дарё»

Ўзбек мумтоз адабиётининг XIX – ХХ асрлардаги йирик вакили, Зиёвуддинхон Дониёлхон (Катта хожа) ўғли Хазиний тўра Эшон Хўқандий 1867 йилда ҳозир Учкўприк тумани Катта Кенагас қишлоғида таваллуд топган. У умри давомида шу қишлоқ атрофида яшаб, ижод қилди.

Зиёвуддинхон Хазиний ўзбек мумтоз шеърият жанрларидан ғазал, мурабба’, мухаммас ва мусаддаслар ёзиб, унинг асарларидан иборат «Хазиний баёзи» китоби ХХ аср бошида Тошкентда тошбосма усулида бир неча марта нашрдан чиққан. Хазиний нафақат адабиётда балки диний таълимотда ҳам беназир эди.

У Қўқондаги жомеъ мадрасасида таҳсил олган. Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом каби илмларни ҳам чуқур ўзлаштирган. Тасаввуф таълимотини билан изчил шуғулланган. Халқ орасида «Эшон бува» номи билан эъзозланган.

Хазиний 1923 йилда вафот этиб, шу қишлоқ ёнидаги қабристонга дафн этилган. Ҳозир ушбу қабристон ободонлаштирилиб, Хазиний қабри устига мақбара қурилган.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Зиёвуддин Хазиний тўра хотирасини абадийлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, вилоят Маданият бошқармаси ходимлари томонидан музейнинг илмий концепцияси, музей экспозициясининг мавзувий ҳамда музей ходимларининг штатлар жадвали ишлаб чиқилди. Унга кўра музей экспозициясини бадиий безаш ва музей худудини ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Фото: «Дарё»

Ушбу концепцияга мувофиқ Хазиний даври ва унинг адабий мероси билан алоқадор экспонатлар йиғилиб, музей экспозицияси 400 дан зиёд янги экспонатлар билан бойитилди. Экспонатларнинг асосий қисми Хазиний даври тарихи ва маданияти билан боғлиқ бўлиб, ушбу буюмлар орқали XIX аср охири ХХ аср бошларидаги тарихий маданий муҳит акс эттирилмоқда.

Шунингдек, шоирнинг ХХ аср бошларидаги шеърий девонлари, унинг шахсий буюмлари ҳамда ўзбек мумтоз адабиётидаги бошқа намоёндаларининг асарлари ҳам экспозициядан жой олди.